Ўрганиб қоласиз…

Юракни алдаманг, ёлғон ишқ билан,

Сиз тайёр эмассиз бундай яшашга.

Сенсиз яшолмайман, дейсизу лекин

Ўрганиб қоласиз менсиз яшашга.

Ногаҳон кўрганда соғинган каби

Шошилиб қоласиз аҳвол сўрашга.

Ҳафталар ўтади, келмайсиз излаб,

Ўрганиб қоласиз менсиз яшашга.

Мендан яхши бўлмас ўзга бир инсон,

Сиз мажбурсиз унга кулиб қарашга.

Нозу ишвалари сеҳрлаб сизни,

Ўрганиб қоласиз менсиз яшашга.

Биламан, мен учун ҳар ишга шайсиз,

Лекин ҳали эрта ёр деб аташга.

Ўтди-ку кунингиз мени кўрмасдан,

Ўрганиб қоласиз менсиз яшашга.

Ҳаёт синовлари олдинда ҳали,

Улгурмайсиз тайёр ошни ошашга.

Илиб кетса биров, тақдир экан, деб

Ўрганиб қоласиз менсиз яшашга.

Юракни алдаманг, ёлғон иш билан…

Зулайҳо ОДИЛЖОНОВА,

26-мактаб ўқувчиси.