ИФТИХОР ТУЙҒУСИ

«Мен аскар бўламан!»

«Мен офицер бўламан!»

«Мен шифокор бўламан!»

«Мен ўқитувчи бўламан!»

Бу болаларнинг орзулари. Улар ҳавас ва ўзгача иштиёқ, ифтихор билан айтаётган сўзларни эшитиб, беҳад севинасан. Бу болалар – келажагимиз, мустақилликнинг бўлажак посбонлари.

30-мактабгача таълим муассасаси мудираси Эътиборхон Ўралова масканда бўлиб ўтадиган тадбирга таклиф этганида, доимгидек одатий тадбирлардан бўлса керак, деган ўйда эдим. Бироқ тадбирни кўриб, фикрим ўзгарди. Ҳамроҳларим ҳам қойил қолишди. Мурғак қалблардан отилиб чиқаётган самимий сўзлар бизни ҳам ҳаяжонга солди. Ҳарбийлардек шижоат билан саҳнада ҳаракатланаётган болалар, уларнинг мураббийлари, намойиш этилаётган саҳна кўринишлари эътиборингизни тортади. Кичик саҳна кўринишида «Биз коррупцияга қаршимиз!» шиори олға сурилди. Буни 5-6 ёшдаги болалар ижро этяпти. Улар коррупция нима, у қандай бало-офат эканини, оқибати нима билан якун топишини биляпти.

Тадбирда қатнашган туман мудофаа ишлари бўлимининг чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш бўлинмаси бошлиғи Музаффар Маъмуров, туман МТБнинг маънавий-ахлоқий ишлар бўйича шуъба раҳбари Бахтиёр Жўраевлар маърифий кечани тайёрлашда жонкуярлик қилган тарбиячилар Нигора Ҳожиева, Юлдуз Аҳмедова, ёрдамчи тарбиячилар Муножат Йўлчиева, Мавлуда Абдуллаева, мусиқа раҳбарлари Зилола Эргашева, Акмалжон Мирзаевларга миннатдорчилик билдирдилар.

******

25-МТМ фаоллар зали байрамона безатилган. Бу ерда тумандаги бир қатор таълим муассасаларидан тарбиячилар ҳам ташриф буюришган. Сабаби, тарбиячи Муаззамхон Мирзабоеванинг «Бу менинг Ватаним» мавзусидаги очиқ машғулоти туман семинари орқали оммалаштирилмоқда. Муаззамхон машғулотга тайёргарлик жараёнида анча излангани, қўшимча маълумотлар тўплаб, болаларга кўпроқ билим беришга интилгани, мультимедия, слайддан унумли фойдаланишга ҳаракат қилгани сезилиб турди. Машғулотга 35-мактабнинг ҳарбий йўналишдаги синфи ўқувчиларининг ташрифи, мусиқа раҳбари Даминжон Қосимовнинг мусиқий чиқишлари тадбир мазмунини бойитди ва ўзгача файз киритди.

******

«Мен ҳам аскар бўламан». 17-МТМда бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди.

-Фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етиши учун, аввало, уларга болалигиданоқ тўғри йўл кўрсатиб, Ватанга, оилага нисбатан меҳр-муҳаббатни кучайтириш лозим, -дейди муассаса мудираси Мўътабар Эргашева. -Биз боғчамизда тарбияланаётган ҳар бир кичкинтой қалбига ана шундай туйғуни сингдиришга интиляпмиз.

Тадбирни ташкил этишда жисмоний тарбия йўриқчиси Ойбарчин Ғозихонова, тарбиячилар Нилуфар Ҳайдарова, Нигора Ғойиббоева, мусиқа раҳбари Ҳилола Ҳошимоваларнинг хизмати катта бўлди.

******

21-МТМда бўлиб ўтган тадбир ҳам барчада чуқур таассуротлар қолдирди. Муассасада фаолият кўрсатаётган тарбиячилар Замира Долимова, Ҳабиба Жалилова, Тилобат Абдухалимова, Хуршида Жўраевалар тарбияланувчиларга  ҳарбийлар ҳаётига доир кўплаб маълумотлар беришди. Машғулотларда кўргазмалиликка алоҳида эътибор қаратишди. Маскан концертлар залида бўлиб ўтган якуний дастурда муассаса мудираси Моҳира Маматалиева, Тошлоқ МФЙ мутахассиси Донохон Отабоевалар жажжиларни рағбатлантиришди.

Бир сўз билан айтганда, туманимиздаги барча МТМларда 14 январь – «Ватан ҳимоячилари куни» кўтаринки руҳда, пухта тайёргарлик билан ўтди. Бу жажжилар масканларида таълим-тарбия ишлари сифатли йўлга қўйилаётганидан ҳам дарак беради.

Муҳаммад АЛИ.