ЙИГИТГА СОҚОЛ ХОСМИ?
Мутафаккирлар инсон умрини йил фаслларига менгзайдилар. Болаликни баҳорга, йигитликни ёзга, ўрта ёшликни кузга ва кексаликни қишга қиёсланади. Ҳазрат Навоий ҳам умр бўйи ёзган назмий асарлари («Хазойинул маоний»)ни ана шу тўрт босқичга бўлиб, девон тартиб этганлар.
Чиндан ҳам, инсон ҳаётидаги энг қизғин, асосий, ҳал этувчи воқеалар йигитлик даврида кечади. Болаликда бошланиб, ўсмирликда давом этган илм олиш, ҳунар ўрганиш, одоб-ахлоқ қирраларини эгаллаш ишлари йигитликда такомилга етади. Инсон шу даврда шахс сифатида шаклланади, элга танилади, оила қуради, ҳаёт йўлини аниқ белгилаб, эл-юрт хизматига киришади. Бирин-кетин фарзандли бўлиб, уларни тарбиялай бошлайди. Яқинларининг яхши-ёмон кунларида кор келади.
Шу аснода унинг ташқи кўриниши, таъби, юриш-туриши, ўзини тутиши, мулоқот одоби, ўзгалар билан муносабати ҳам кўзга ташланиб борадики, атрофдагилар унга баҳо бера бошлайдилар. Бу жиҳатлар ҳар бир кишининг кейинги ҳаёт босқичларини ҳам белгилаб беради.
Қадимдан ўзбек йигитига хос хусусиятлар шундай таърифланиб келинган: мард, салобатли, кўркам, камтар, сипо, бир сўзли, аҳдига содиқ, камгап, тавозели, «темирдан қаттиқ, супургидан юмшоқ», қўрқмас, меҳнатсевар, элпарвар, «каттага ҳурматда, кичикка иззатда», қобил, инсоф-диёнатли, имони бутун ва ҳ.к. Бу сифатлар ҳар бир йигитни элнинг кўрки ва ғурурига, ишончига, қалқонига айлантиради.
Суюкли шоиримиз Ғафур Ғуломнинг «Йигитларга» номли шеърида шундай сатрлар бор:
Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ,
Қалқон бор, қалъа бут, қўрғон саломат.
Қизлар кулгусида авжи даромад,
Чоллар уйқусида роҳат-фароғат.
Мана, йигитнинг эл-юрт наздида зарурийлиги, хизмати, ўрни!
Алпомиш, Отабек, Анвар каби бадиий асар қаҳрамонлари, ўтмишимизда номи тарихда қолган улуғлар, бугунимизда Ўзбекистон номини шарафга буркаётган ўғлонларимизда юқоридаги сифатлар керагича топилади.
Энди мақсадга ўтсак ҳам бўлар. Ҳозирги замонимизда ташқи кўринишида миллийликдан асар ҳам йўқ, ола-була, калта-култа, ғоят тор кийимлар кийган, алламбало хорижий ёзувли футболкалар, майкаларда тортинмай юрган, телефонга «ошиқ» бўлиб, бошқаларни, ҳатто ота-оналарини унутган, «оммавий маданият» қулига айланган, бошига эгри-бугри чизиқлар тортилган, йигирмага ҳам кирмай, соқол қўйиб юборган, на ўқишининг, на ишининг, на ҳунарининг тайини йўқ, оилали бўлса-да, ота-онаси елкасидан тушмаган, машина рулида босар-тусарини билмай, ўзгаларни назарга илмай, дуч келган жойда муаммо чиқараётган, кайфи тароқ ҳолда жамоатчиликнинг ғашига тегаётган, тартиббузар, жинояткор йигитларда ўзбек йигитига хос бўлган қайси фазилатни топиш мумкин? Овора бўлиб, қидирманг, тополмайсиз. Улар кимлар? Улар, афсуски, халқнинг дарди, оғриқли нуқтаси, жамиятдаги «доғлар»! Уларда на мақсад бор, на маслак!
Инсонда, айниқса, бугун бутун дунё қизиқиб, миллий ўзлигимизни ўрганаётган бизким, ўзбекларда, ҳамма нарса рисолада бўлмоғи лозим. Соқол ўстиришлар, табиийки, хориж сериаллари ва айрим спортчиларнинг таъсиридир. Ўзбекларда соқол ўрта ёшларга борилганда, чиройли, бежирим, текис ҳолатда қўйилади, у суннат саналади.
Рисоладаги йигитларга ҳаёли, иболи, узатиладиган қизлар ошиқ бўлади, совчилар кўз остиларига оладилар. Миллийликдан маҳрум «йигитлар»га кўчаларда «кузатиладиган» қизлар хуштор бўладилар. Ахир, «тенг тенги билан», -деган гап бор-да!
Йигитлар, йигитга йигитлик увол бўлмасин. Мулоҳаза қилинг!
Ўринбой МЎМИНОВ.

