ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛАДИ
Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганига бир йил тўлди. Ману шу қисқа бир йил ичида мазкур соҳада муайян ишлар амалга оширилиб, олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий давомийлиги таъминланмоқда.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотларда Уйчи тумани Давлат хизматлари марказида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган бир йил ичида аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сони қарийб 100 турга яқинлашди.
Мурожаат этувчилар сони ҳам кескин кўпайди. Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб мурожаат этувчиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида туман давлат хизматлари марказининг биносини янги замонавий талаблар асосида қурилиш ишлари бошланди.
Бу борада “Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар) лардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида”ги
2018 йил 8 майдаги ПҚ-3701-сонли қарори қабул қилинган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда қулай шароитлар яратиш мақсадида бинони давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриб битказиш юзасидан инвестор “Уйчи мустаҳкам қурилиш” хусусий корхонаси (раҳбар Д.Бадалов) билан келишувга эришилиб, жорий йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилди.
Барпо этилаётган бинода аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатилиши учун барча қулай шароитлар мавжуд бўлади.
Нодирбек ДАДАХОНОВ,
Уйчи туман Давлат хизматлари маркази директори.

