МАЖБУРИЯТИНГИЗНИ УНУТМАНГ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг топшириғига асосан мамлакатимизда жорий йил 25 январдан 25 февралгача «Қутуриш касаллигига қарши курашиш ойлиги» деб эълон қилинди.

Қутуриш билан барча турдаги сут эмизувчи ҳайвонлар ва одамлар касалланади. Одамга касаллик касал ҳайвонлар билан алоқада бўлганда ва касал ҳайвон тишлаганда сўлаги орқали ўтади. Касаллик қўзғатувчилари фақат касал ҳайвоннинг сўлаги орқали ажралиб чиқади ҳамда одам ва ҳайвонларни зарарлайди.

Чорва ҳайвонлари, ит ва мушуклар ўртасида касалликнинг олдини олиш учун хонадон эгалари янги сотиб олинган ит ва мушуклари тўғрисида 7 кун мобайнида ҳудуддаги хизмат кўрсатувчи ветеринария мутахассисига мурожаат этишлари, уларни қутуриш касаллигига профилактик эмлатишлари, хонадонлардаги ҳайвонларда бирон бир ўзгариш кузатилса, зудлик билан ветеринария мутахассисига хабар беришлари шарт.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумоти бўйича ҳар куни дунёда 160 нафар одам қутуриш касаллигидан ўлмоқда. Ўтган йиллар давомида дунё бўйича 35 минг одам қутуриш касаллигидан вафот этган. Давоси йўқ, натижаси ўлим билан тугалланувчи қутуриш касаллигига чалинмасликнинг ягона йўли ит ва мушукларни қутуришга қарши эмлатишдир.

Ветеринария бўлими мутахассислари томонидан ушбу касалликнинг олдини олиш учун тумандаги аҳоли хонадонларида боқилаётган ит ва мушуклар рўйхатга олиниб, режа асосида эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Лекин Тошлоқ МФЙда 26, Баландариқ МФЙда 41, Даҳиякота МФЙда 27 нафар фуқаронинг лоқайдлиги ҳамда «Ит ва мушуклар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари»ни тўлиқ билмаганлиги оқибатида итлари эмлатилмади. Бу ҳақида МФЙлар ходимларига  огоҳлантириш хатлари чиқарилди.

Ҳурматли фуқаролар, аввало, оила аъзоларингиз ва ён-атрофингиздагиларни ушбу касалликдан ҳимоя қилиш учун хонадонингиздаги ит ва мушукларни қутуриш касаллигига қарши эмлатинг.

Валижон БОЛТАБОЕВ,

туман ветеринария бўлими бошлиғи.