Мушоира

Қурди назм боғида суҳбат

Барча шеърий асарлар сафда.

Ҳеч ким қила олмасди журъат,

Сўз  очмоқ-чун боқийлик ҳақда.

Ёр жамолин таърифлар ғазал,

Шаклдошдан ваъз айтар туюқ.

Айтар достон, қасида: «Азал

Елкамизда турар оғир юк».

Қўшилдилар суҳбатга фардлар:

«Икки мисра кифоя бизга.

Юракдаги туғён ва дардлар,

Ҳам одобни айтишимизга».

Кўнгилдаги туйғулар бари

Шу мажлисда этилди изҳор,

Сўзловчининг баланд минбарин

Яна кимлар қилмади ишғол.

Айтмоқ учун хуллас каломни,

Зўр мажлисга ясай, деб якун.

Мақол қўйди сўнгги қадамни,

Халқнинг сўзи барибир устун:

«Бағрин очди сизга бадиият,

Фидо қилди ориятни ҳам.

Ёзинг, майли, ёзганда фақат

Сиз унутманг, моҳиятни ҳам.

Сўзингизнинг юраги илҳом,

Томири-чи, буюк жасорат.

Лойиқ бўлсин боқий деган ном,

Ва ўчмасин ўтли ҳарорат.

Мангу ёнсин сиз ёққан чироқ,

Аъло бўлсин сўзнинг ҳиссаси.

Ва шуни ҳам унутманг, бироқ

Ҳиссасининг создир қисқаси».

Дилноза АЗИЗОВА.