УМР УВОЛИ
Кўча-кўйда нон увоғини ерга тушириб, нон ковшаётган болага: «Увол қиляпсан», -деймиз. Тўй-ҳашамларда дастурхонда қолган ноз-неъматларни, ортиб ётган таомларни кўриб: «Увол» -деймиз.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ариқ бўйида сувни исроф қилиб таҳорат олаётган кишига қараб: «Нега сувни бунча исроф қиляпсан?» -деб сўрадилар. «Ё, Расулуллоҳ, сув кўп-ку!» -деб жавоб берди киши. «Денгиз олдида бўлсанг ҳам керагидан ортиғи увол», -дедилар. Уволни кўриб ачинамиз, ранжиймиз. Аммо ҳар они тилладан қиммат умр уволи-чи?!
Умрни бефойда нарсаларга сарфлаб, увол қилаётганлар, гиёҳвандликка берилиб, ўтаётган умрини тушми, ўнгми, англаб ололмаётганлар-чи? Ёшни ёш десак, 3-4 боланинг отаси ёки ёши бир жойга бориб қолган кимсаларнинг умрини увол қилаётганини кўриб, ёқа ушлайсан. Бундай инсон фарзанд тарбияси билан қандай шуғуллансин?! Ҳар куни ичиб, уйида жанжал билан умри ўтаётганини ароқхўр ҳис қилармикин? Тўрт мучаси соғ бўла туриб: «Мен кам таъминланганман, мен ночорман, менга нафақа, менга моддий ёрдам керак», -деб идорама-идора югурганларга нима дейсиз? Ҳақиқатдан ҳам, кам таъминланган оилалар бор. Давлатимиз, ҳомийлар томонидан нафақа ва моддий ёрдамлар берилмоқда. Ўзига тўқ, қўша-қўша машина, участкаси бор кимсалар ҳам «Нимага мен моддий ёрдам олмаслигим керак?» -деган савол беради, шукур қилишни билмайди.
Наҳотки, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибат қуриб битган бўлса?! Баъзи бир оилаларнинг боқимандаликка ўрганиб қолганлигига ачинасан киши. Иш таклиф қилсангиз, «Ойлиги оз экан» ёки «Бу иш менга тўғри келмайди», -деган жавоб оласиз. Ҳаракат қилса, нони ҳалол, умри самарали бўларди.
Охиратда Аллоҳ берган омонати – умрнинг уволини сўрайди. Нима деб жавоб берамиз?
Фикримизни Пайғамбаримизнинг яна бир ҳадислари билан якунлашни лозим топдик: «Киши тонгда уйқудан уйғонганда, оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан». Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола, азизлар!
Абдулло ШЕРМАТОВ,
Деҳқонобод МФЙ раиси.

