УЯТ ЎЛИМДАН ҚАТТИҚ
Қадимий, бой ва гўзал тилимизда уят, андиша, шарм, ҳаё, парда деган сўзлар борки, бу одамийликни бутун сақловчи тушунчалардир. Бу сўзлар англатган туйғулар фақат инсонгагина хосдир. Инсон зоти ҳайвонот оламидан ана шу сифатлари билан ҳам фарқланади. Ҳайвонлар бу сифатлардан маҳрумли-ги учун хоҳлаган ишини, ҳожатини хоҳлаган жойда адо этаверади. Шуниси билан у ҳеч қачон одам бўла олмайди. Одамларда эса омма олдида қилиши мумкин бўлмаган хатти-ҳаракатлар бор. Бу махфийликни таъминловчи нарса юқоридаги тушунчалардир.
Инсоният тарихининг ҳали либос кийиш унчалик урф бўлмаган даврида ҳам жамоада табу (тақиқ)лар, яъни, ман этилган ишлар бўлганки, уни бузганлар аёвсиз жазоланган. Ҳали қонунлар мавжуд бўлмаса-да, барча итоат этиши лозим бўлган қоидалар бор эди. Булар жамият манфаатларига, ўзаро муносабатларга, саломатликка, ёшлар тарбиясига зид бўлган ишлар эди. Жаҳон тамаддуни асосчиларидан бўлмиш бизнинг халқимизда бу масала «Авесто» яратилган даврлардан бошлаб намунали бўлганлиги маълум. Юртимизда ислом дини қарор топгач, одамийликни белгиловчи маънавият қирралари такомилига етди. Ўтмишдошларимиз ҳаётида имон-эътиқод, ҳалоллик, адолат, шарм-ҳаё, бағрикенглик, меҳр-оқибат қатъий шаклланди.
Ўтган асрнинг бошларида, чоризм ҳукмронлиги остида халқимиз ҳаётига Европанинг биз учун нохос бўлган урфлари кириб кела бошлаган даврда, миллатпарвар шоиримиз А.Чўлпон: «Оврупонинг ароғидан, урфларидан, либосидан сақланинглар», -деб бонг урган эди. Боиси, тилга олинган бу уч нарса миллатимиз қалбидаги уят, андиша, шарм-ҳаёни йўқ қилувчи омиллар эди. Булар шўролар даврида қанчалар авж олгани, ароқ ариқ бўлиб оққани, «социалистик турмуш тарзи» бебаҳо қадриятларимиздан айиргани, либосларимиз чидаб бўлмас даражада «мини»лашгани барчага маълум.
Муборак Истиқлолимиз шарофати ила ўзлигимизга қайтаётганимиз айни муддао бўлмоқда. Аммо тан олиш лозимки, биз мустақиллигимизнинг ташқи омилларидан фойдаланяпмиз, яъни ҳақ-ҳуқуқимизни танидик, эркинликни ҳис этяпмиз, хоҳлаган нарсамизга эришяпмиз. Бироқ мустақилликнинг ички-маънавий жиҳатларига эътиборимиз суст кечяпти: масъулиятни чуқур ҳис этмаяпмиз. Миллий қадриятларимизни қайта эгаллашга жаҳд қилмаяпмиз. Алалхусус, айтадиган бўлсак, уят, номус, андиша, ҳаёни қалбимизга жо этишга бефарқмиз. Бу бебаҳо фазилатларни ёшларга сингдиришга ота-оналар ҳам, педагоглар ҳам шошмаяптилар. Мисоллар айтаман:
-ишини эплолмаган раҳбар ёки ходим «Мен вазифамга нолойиқ-ман, ишдан бўшайман», -демаяпти. Уялмаяпти!
-Жиноят қилиб, тартиб бузган хатосини тан олиш, афсус қилиш ўрнига безрайиб, айбни кимгадир ағдаряпти. Номус қилмаяпти!
-Балоғат ёшидаги йигит ва қиз пана-пастқам жойда бир-бирининг пинжига кириб, ўтган-кетганлардан тап тортмай турибди. Андиша йўқ!
-Бировни алдаб, фириб бериб, пора олиб, жамият мулкига хиёнат қилган телеэкранда безрайиб: «Мени кечиринглар, энди эсим кирди», -деб турибди. Ҳаёсизлик қилмоқда!
-Ароқхўрлик, гиёҳвандлик, бузуқлик билан машғул бўлган кимса бемалол бош кўтариб юрибди. Одамийликка иснод келтиряпти!
-Жамиятга тариқча фойда келтирмай, раҳбарларга дағдаға қилиб, беорларча «ёзди-ёзди»лар билан шуғулланиб, нон топиб ейишни одатга айлантирганларда шармдан нишон йўқ!
Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бироқ андиша қиламиз, уларга Яратгандан инсоф сўраймиз.
Халқимизда: «Уят ўлимдан қаттиқ», «Вафосизда ҳаё йўқ», «Эр йигитнинг уялгани – ўлгани» каби ҳикматлар бор. Уларнинг мағзини чақмоқ лозим.
Азиз юртдошим! Дунёга очиқ кўз билан боқишга одатланайлик. Одамлар нима қиляпти, юртда нима бўляпти, тафаккур қилайлик. Ўзлигимизни, ўзбеклигимизни, асосийси, инсонлигимизни унутмайлик.
«Экканингни ўрасан», -деган ҳаёт ҳикматини эсдан чиқармайлик!
Ўринбой МЎМИНОВ.

