ФАРЗАНДИНГИЗ ҚИЗИҚИШЛАРИГА ЭЪТИБОРЛИМИСИЗ?

Мен раҳбарлик қилаётган 9-«А» синфда 28 нафар ўқувчи бўлиб, шундан 16 нафарини қиз болалар ташкил этади. Жорий ўқув йили бошида қабул қилган ушбу синф ўқувчиларинигина эмас, балки уларнинг ота-оналарида ҳам «Мен»ни «Биз»га айлантириб, ўзаро соғлом рақобат ва назоратни йўлга қўя олдим. Бу нималарда кўринади? Аввало, ота-оналарнинг таълимда бевосита иштирокини таъминлаш мақсадида «Ота-оналар университети» фаолиятини мустаҳкамладим. Ҳар бир ота-она билан телеграм гуруҳимиз орқали алоқа ўрнатдим ва фарзандларининг таълим-тарбияси, билими, синфдаги ўрни бўйича маълумотларни жойлаштириб бордим. Ҳар чорак якуни бўйича алоҳида тренинг машғулотини ташкил этдим. Бу машғулотларга ўқувчиларнинг ота ёки онаси иштироки тўлиқ таъминланди. Ота-оналарнинг ўзлари ҳам қизиқиш пайдо бўлаётганини таъкидламоқдалар.

Куни кеча иккинчи чорак ва биринчи ярим йиллик бўйича навбатдаги тренингни ўтказдим. Дастлаб чорак якуни бўйича энг кўп 5 баҳо олган ўқувчилар – Исломбек Собиржонов (122 та), Феруза Жўрамирзаева, Гулсанам Исманова (113 тадан) эълон қилинди. Биринчи ярим йиллик бўйича бирор соат ҳам дарс қолдирмаган ўқувчилар – Соҳиба Абдумуталлиева, Нилуфар Даминжонова, Шоҳсанам Иброҳимовалар бўлишди. Фан ўқитувчиларидан олинган сўровнома ёрдамида синфнинг энг яхши ўғил-қиз ўқувчисини аниқладим. Булар – Исломбек Собиржонов ва Зарифа Эргашевалар. Улар ўзининг одоби, хулқи, фанларни ўзлаштириши, жамоат ишларидаги фаоллиги, ўқитувчи ва ўқувчи муносабатида тенгдошларига намуна бўлишган.

Тренинг машғулотининг энг қизиқарлиси ота-она ва фарзанднинг қизиқишлари ҳақидаги саволлар орқали олинган жавобларда акс этди. Уларнинг ҳар бирига қандай гулни, рангни, таомни, фаслни, фанни ёқтирасиз мазмунидаги саволлар ёзилган бўш қоғозлар алоҳидадан тарқатилди ва жавоблар солиштирилди. 28 нафар ота-онадан уч кишигина биттадан хатога йўл қўйди. Булар Рухсора Муродиллаева, Гулсанам Исманова, Райҳона Исомиддиноваларнинг ота-оналари Раҳимжон Абдуллаев, Аъзамжон Тошматов, Раънохон Мирзаевалар. Ота-оналар иштирокидаги якуний сўровлардан сўнг синфдаги энг яхши ота ва она номинацияларининг ғолибини аниқладик. Бундай шарафга Аъзамжон Тошматов ҳамда Мунаввар Ҳасановалар мушарраф бўлишди.

Энг муҳими, ота-она ва фарзанд ўртасида дўстона муҳит яратилди, ўқувчиларда қизиқиш, билим олишга бўлган иштиёқ ошди. Юқоридаги тажрибани ҳамкасбларимиз ҳам ўз фаолиятларида қўллаб кўришларини тавсия қиламан.

Бахтиёр АДАШОВ,

40-мактабнинг 9-«А» синфи раҳбари, математика ва информатика фанлари ўқитувчиси.