ШАҲАР БЕДАРВОЗА ЭМАС

Қайси давлат ёки жамиятда қонунлар бўлмаса, у ерда тинчлик, тартиб, осойишталик бўлмайди. Мавжуд қонунларга амал қилган ҳар бир фуқаро ўзи ҳам тинч, омон бўлади, ўзгаларни ҳам ташвишга қўймайди.

Деҳқонобод МФЙда яшовчи Д.А.нинг юқоридаги фикрлардан хабари бўлмаган шекилли, 2018 йил 8 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сонли қарорига хилоф равишда айланма йўллар орқали Қирғизистон Республикасига ўтиб, у ерда ишлаб, 13 ноябрь куни такроран чегарадан ўтиш тартибини бузиб, юртимизга кираётганида ушланди.

Бўлиб ўтган суд мажлисида Д.А. айбига тўла иқрор бўлди, хатосини тушуниб, қилмишига пушаймонда эканлигини билдирди ва суддан енгиллик сўради.

Суд айбдорнинг айбига иқрорлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганлигини ҳисобга олди. Инсонпарварлик ва одиллик принциплари асосида Д.А.га уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Фарҳод  ШАРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юристлар малакасини ошириш маркази тингловичиси.