ЭЗГУЛИК УРУҒИНИ СОЧАЙЛИК
Бола руҳияти жуда нозик. Бежиз уни эндигина ниш ураётган ниҳолга қиёсланмайди. Кўрган ва эшитган нарсаларига рўйирост ишонади. Айниқса, ота-онасининг ҳаётида ўзгача аҳамият касб этаётган воқеликни муҳим деб билади. Унинг ақл-идрокли, билимли бўлиб камолга етиши баробарида меҳр-оқибатли, софдил, бағрикенг, хушмуомала, атрофдагилар, яқинларига ҳамиша елкадош шахс сифатида улғайиши нур устига аъло нур эканини яхши биламиз.
Аммо бугун унга айтишимиз керак бўлган ўгитлар, ўргатишимиз лозим бўлган хислатлар, сўзлаб, ўқиб беришимиз лозим ва шарт бўлган эртаклар қолиб кетаверади. Чунки уларнинг ижроси учун ҳеч ким бизни айблаб, сўроқламайди-да! Билмаймизки, кези келганда, йўқотилган вақт, бу эътиборсизлигимиз ўзимиздан ҳисоб талаб қилади.
Бола ўз номи билан бола. У ҳамма нарсадан ибрат ва намуна олади. Ҳар бир эшитган, гувоҳи бўлган хатти-ҳаракатларига тақлид қилади. Демак, ота-она нон-насибани танлаб едиргани, кийим-кечагини саралаб кийгизгани каби у тинглайдиган эртаклару, томоша қиладиган мультфильмлари мазмун-моҳиятини, аввало, ўзлари тушуниб, сўнгра фарзандларига илинмоғи жоиз. Ўзбек халқини миллат сифатида тутиб турадиган ибо, ҳаё, ор-номус, вафо, садоқат, меҳр-оқибат каби мезонлар борки, уларни ҳар бир ота-она фарзандида шакллантирмоғи керак.
Ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда, Абдурауф Фитрат бобомизнинг қуйидаги фикрларига амал қилишимиз жуда ҳам муҳим: «Халқнинг аниқ, бир мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб, иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ». Ҳозирги шароитда биз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй фарзандларимизнинг тарбиясида ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак.
Заҳрохон ИБРОҲИМОВА,
22-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

