ЭЗГУ ИШНИНГ БОШИДАМИЗ
Ўқувчи-ёшлар ўртасида диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш масаласи доимо устувор вазифалардан бўлиб келган.
Ушбу долзарб муаммо ечимини излаш йўлида мутлақо янгича ёндашувни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Билим масканимизда юқоридаги вазифаларнинг самарадорлигини оширишда ибратли ишлар йўлга қўйилди. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4075-сонли қарори ҳамда Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар дастуриламал бўлмоқда.
Аввало, муаммоларга ечим излашда ҳудуднинг ўзига хос бўлган ижтимоий-маънавий муҳитидан келиб чиқадиган камчиликларни аниқлаб олдик. Бунда мактаб маъмурияти Истиқлол, Обод, Овчибулоқ МФЙлари мутасаддилари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди. Қизларни эрта турмушга бериш, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш жараёнининг узлуксиз таълимга салбий таъсири каби муаммолар яққол кўзга ташланди. Юқоридаги муаммоларни бартараф қилишда ота-оналарнинг роли ва масъулиятини ошириш мақсадида шу ўқув йилининг ўзида 16 марта учрашув, мулоқот ва турли тадбирлар ташкил этдик. Синф раҳбарлари томонидан тинимсиз равишда ўқувчиларнинг ота-онаси билан индивидуал суҳбат ўтказиш тизимли амалга ошириб келинмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида таълим-тарбияда ижобий силжишлар кузатилмоқда. 9- ва 11-синфлар ўқувчилари сафида академик лицей ва олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш истагида бўлганлар сони кўпайиб бормоқда. Қуйи синф ўқувчиларининг 70 фоизи фан тўгараклари ва турли ўқув марказларида билимларини мустаҳкамлаётганликлари бизни қувонтиради. Спорт секцияларига қатнаётган қизларимизнинг сони тобора кўпайиб бормоқда. Қисқа фурсатда турли спорт йўналишлари бўйича вилоят, ҳатто республика турнирларида совриндор бўлиб қайтган спортчи қизларимиз кўпчиликка ўрнак бўлишмоқда. Ўқувчиларимизнинг фан олимпиадасининг туман босқичидаги иштироки ҳам ҳар йилгига нисбатан залворлироқ бўлди, десам муболаға бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, эришилган ютуқлар, қўлга киритилган натижалар бизни яна янги марралар сари илҳомлантиради, қувватлантиради. Асосийси, ёшлар камолотига камарбасталикдек эзгу ишнинг бошида эканимизни биз бутун жамоамиз билан, бир лаҳза бўлса-да, ёддан чиқармаймиз.
Зулхумор КАРИМОВА,
29-мактаб директори, туман Кенгаши депутати.

