ЭКОЛОГИЯ ВА САЛОМАТЛИК

Орол бўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги жамоатчилик вакилларининг таклифларини ҳисобга олиб, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 26 январь куни туманимизда умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилди.

-Экологик хайрия ҳашари уюшқоқликда ташкил этилди, -дейди ФЎЎБОФМБ туман кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Олимжон Жакбаров. -Ҳашар куни 225 гектардан зиёд майдон ободонлаштирилиб, ариқ ва зовурлар тозаланди. Бунинг учун «Тоза ҳудуд» ДУКнинг ўндан ортиқ чиқинди ташиб кетувчи махсус автомашиналари жалб этилди. 3 та зиёратгоҳ, 55 та қабристон тозаланди. 7 мингдан зиёд дарахт ва кўчатлар оқланди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва боқувчисини йўқотган кекса ва ёлғизларнинг хонадонларида жамоатчи ёшлар томонидан тозалов ишлари олиб борилди.

-Биз, нуронийлар ҳам халқимизга хос бундай хайрли ишда фаол иштирок этганимиздан хурсандмиз, -дейди Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев. -Ушбу ҳашарда ёшларни жалб этган ҳолда Ўнҳаятдаги «Машҳад мозори» ва кўчалар ободонлаштирилишига ўз ҳиссамизни қўшдик.

Экологик ҳашарда туман ободонлаштириш бошқармаси, туман МТБ, туман маданият бўлими жамоалари, Истиқлол, Шифокор, Боғ, Муборак, Қўрғонча, Ҳуррият, Кесканёр, Тошлоқ, Оқтош, Даҳиякота МФЙлари фаол иштирок этдилар.

Отабек МУРОДОВ,

ФЎЎБОФМБ туман кенгаши бош мутахассиси.