ЁМОНЛИКДАН ЎЗИНГИЗНИ ТИЙИНГ

Ҳамюртларимиз ичида шариатимизда қаттиқ қайтарилган одам савдоси ва бошқа нопок ишлар билан шуғулланиб, шу орқали мўмай даромад топиб, бойиш илинжида ўз яқинларини ҳам, эркагу аёл демасдан, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилиб, ёлғон ваъдалар бериб, арзимас матоҳ сифатида қараб, сотиб юбораётганлар ҳамон учрамоқда.

Бундай кимсаларнинг алдовларига учиб, ўзга юртларда хору зорликда, ваъда қилинган маблағлар у ёқда турсин, бир бурда нонга зор бўлиб, қул сифатида муомала қилинаётган жабрдийдалар, ҳатто қадрлари юксак, она деган улуғ ном соҳибалари бўлган аёлларни  энг жирканч иш бўлмиш  фоҳишаликка мажбур қилинаётганликларини нима деб изоҳлаш мумкин? Улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиб, тинчлик, тансиҳатлик каби неъматлар қадрига етиб, ушалмас орзу-ҳавасларга берилмасдан оиласи бағрида юрганларида  бундай аянчли кунларга тушмаган бўлар эдилар.

Пайғамбаримиз (САВ) ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», -деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Одам савдоси ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир. Унга қарши кураш ҳамманинг бурчи. Дунёнинг барча ривожланган давлатларида, жумладан, бизнинг мамлакатимизда одам савдоси қонун билан тақиқлаб қўйилган. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш борасида  муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу хайрли ишлар самараси ўлароқ, шояд бундай қабиҳ ишларни қилаётган кимсалар ўзларининг бу жирканч ишларидан қўлларини тортиб, Аллоҳга чин тавба-тазарру қилиб, қабиҳ қилмишларининг кечирилишини сўрасалар, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам яхши бўлади. Зеро,  Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи зотдир.

Акрамжон КАМОЛИДДИНОВ,

«Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.