«ЁШЛИК СУРУРИ»

Туман ҳокимлигининг маданият бўлими қошида бугунги кунда олтита маданият маркази фаолият кўрсатмоқда. Уларда жами 19 та ҳаваскорлик ва ижодий тўгарак мавжуд. Ашула, рубоб, рақс, бичиш-тикиш, тасвирий санъат, хор, актёрлик маҳорати, доира, ғижжак, мақом, фольклор қўшиқлари каби йўналишлардаги тўгаракларда ўнлаб ўғил-қиз санъат сирларини ўрганмоқда, бўш вақтни мазмунли ўтказмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-4038-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда мавжуд тўгараклар иш фаолиятини тубдан яхшилаш мақсадида «Ёшлик сурури» деб номланган ҳисобот концерти ташкил этилди.

-Туман маданият марказида ўтган мазкур тадбирда кўплаб янги истеъдод эгаларини кашф қилдик, -дейди туман ҳокимлигининг маданият бўлими мудири Эльмира Джанбекова. -Улар тўгарак машғулотларида йил давомида ўрганган куй, қўшиқ ва рақсларини ҳавола этишди. Янги овозлар, истеъдодлар борлиги бизни ҳам қувонтирди. Биз бундай ёшлар билан алоҳида машғулотлар ташкил этамиз, қолаверса, туманимизда бўлиб ўтадиган байрам тадбирларида уларнинг иштирокига ҳам ўрин бериб борамиз.