ҲАМКОРЛИК КУЧАЙТИРИЛИШИ ЗАРУР

Туман ҳокимлигида ёшлар ўртасида диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда корхона, муассасалар раҳбарлари ва ҳисобчилар, МФЙ раисининг кекса ва фахрийлар иши бўйича маслаҳатчилари, коллеж, мактаблар директорлари ва кекса фахрийлар, нуронийлар, бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.

Йиғилишни Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев очди ва мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифаларга тўхталди. Жамғарманинг туман бўлими фаоли Абдимуталли Нажмиддинов мавзу юзасидан мулоҳаза билдириб, бу борада амалга оширилаётган ўрганишлар таҳлилига эътибор қаратди. Жумладан, туманимиздаги мавжуд 56 та маҳалладан Қўрғонча, Деҳқонобод, Мирзаравот, Машад, Овчибулоқ, Чўртук МФЙларида ўтган йили бирорта жиноятчилик содир этилмаган. 15 та МФЙда жиноятчилик ортган. Айниқса, Беруний МФЙ фаолияти талаб даражасида эмас. Ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бор шахслар билан шуғулланиш борасида етарли иш олиб борилмаяпти. Кесканёр, Гулбоғ МФЙларида кекса ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларнинг фаолияти яхши йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, йиғилишда «Ўзмарказбанк» вилоят бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Маъруфжон Раҳмонов хўжалик субъектлари(фермер хўжаликлари)да бухгалтерия ҳисобини юритиш, дебиторлик ва кредиторлик қарздорликларини қисқартириш, иқтисодий қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда бюджет даромадларини кўпайтириш мавзусида сўзга чиқди.

Йиғилишда туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳод Мамадалиев, вилоят молия бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Зафаржон Мўминовлар иштирок этдилар.

Умиджон СУЛТОНОВ.