Ҳушёрхонадаги диалог
(Фарҳод ва Хисрав диалогига ўхшатма)
Деди: қайдин сен, эй, бадмасту гумроҳ?
Деди: мастман, мен бундан қайда огоҳ.
Деди: борму сенда бирор касби кор?
Деди: шиша билан эрурман дўст-ёр.
Деди: борму ёринг ва бола-чақа?
Деди: болалар кўп, йўқ сариқ чақа.
Деди: шўрпешона экан ул ёринг,
Деди: чунки ичсам, эшитмас зорим.
Деди: дам олишга ўн беш кун етар?
Деди: тенг ярмини қисқартса, нетар?
Деди: ичувчига йўқ бизда шафқат.
Деди: гар ичмасам, бўлар қиёмат.
Деди: ҳукм қатъий, йўқ ўзга чора.
Деди: не дегум мен уйдаги ёра?
Деди: ичма, бунда келмагин энди.
Деди: келмасдим, нозир қилди банди.
Деди: бўлмасми шу пулга олсанг нон?
Деди: май бўлса бас, йўқ нонга имкон.
Деди: дўстлар, буни не қилмоқ керак?
Мен дедим: шишасин синдирмоқ керак.
Диалогни ёзиб олувчи:
Ўринбой МЎМИНОВ.

