АҲОЛИ МУАММОЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ

янги тизим орқали амалга оширилади

Президентимиз томонидан шу йил 17 январда имзоланган «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинмоқда. Энди Халқ қабулхоналари маълум муаммо юзасидан мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди.

Ишчи гуруҳлар ҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантирилади.

Секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати халқ депутатлари Кенгашлари мажлисида муҳокама қилинади. Ҳар чоракда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботи эшитилади.

Бундан буён ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш йўналишидаги ишлар Халқ қабулхоналари томонидан мувофиқлаштирилади. Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек, секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этади.

Абдураҳим МЎМИНОВ,

туман Кенгаши депутати.