БУРНИГА СУВ КИРМАГАЧ…
Биз онгсиз дея таърифлайдиган ҳайвонлар ҳам агар йўлида ўзи учун ноқулай вазият пайдо бўлса, у манзилини ўзгартиради, яъни хулоса ясайди. Аммо баъзи инсонларнинг хатти-ҳаракатидан тўғри хулоса чиқармаслиги, қилган хатосининг оқибатини кўра-била туриб, қайта-қайта шу йўлни ихтиёр этишини тушуниш қийин.
Ҳамюртимиз И.К.нинг ёши қирқни ҳам қоралай деб қолди. У бутун умри давомида жамиятда қолдирган изи – тўрт бора суднинг қора курсисида ўтиргани бўлди. Аммо ўзини тўғри йўлга сола билмаган нобакор бешинчи бор яна жиноятга қўл уришдан ор қилмади. Қумтепа МФЙ ҳудудининг овлоқ ерида қаровсиз қолдирилган «Москвич-412» русумли автомашинани кўрган И.К. унинг эшигини очиб, салонини титкилаб кўрди. Арзирли, қўлга илинадиган буюм топилмагач, капотни очиб, аккумуляторни ечиб олди. Йўл-йўлакай уни нотаниш ҳайдовчига 300 минг сўмга пуллашга ҳам улгурди. Аммо унинг жинояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида тез орада фош бўлди.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан судланувчи И.К.га 5 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Умрининг шунча даврини панжара ортида ўтказишни атиги 300 минг сўм пулга уриштирган И.К.нинг қисматидан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқарайлик, азизлар.
Воҳиджон НИШОНОВ,
туман прокурорининг ўринбосари.

