ЗАРАРКУНАНДАЛАР – ҲОСИЛ КУШАНДАСИ
Ўтган шанба куни туман ободонлаштириш бошқармасида ўқув семинари бўлди. Уни вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси инспектори Жўрахон Абдуллаев очди ва олиб борди. У ўз сўзида янги таҳрирдаги «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонун ва қатор меъёрий ҳужжатлар билан таништириб ўтди.
Шунингдек, туманимиз ҳудудида парваришланаётган дов-дарахтлар, буталар ҳамда гулларни зараркунандалардан асраш, уларнинг касалликларга чалиниши ва бегона ўтларга қарши кураш воситалари тўғрисида тушунтиришлар берди. Бундан ташқари, тадбирда мавсумий экинлар экишда келтирилаётган кўчат ва гуллар белгиланган тартибда карантин назоратидан ўтказилиши ҳамда фитосанитар сертификатига эга бўлиши устидан назоратнинг кучайтирилиши, зараркунанда ўсимлик касаллиги ҳамда бегона ўтлар учраса, дарҳол ўсимликлар карантини инспекциясига хабар бериш мажбурий эканлиги хусусида сўз борди. Семинарда ташқи ва ички карантин ҳақида тушунча берилди.
Шундан сўнг агроном К.Акбаров сўзга чиқиб, бошқарма тасарруфидаги ҳудудларда ерларни экишга тайёрлаш, парваришланаётган кўчатларни ҳамда дов-дарахтларни зараркунанда ва ҳар хил касалликлардан асраш учун ўтказилиши лозим агротехник тадбирлар тўғрисида йиғилганларга тушунтиришлар, тегишли топшириқлар берди.
Якунда ходимлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Султонмаҳмуд АКРАЛОВ,
туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи.

