ТИББИЙ ХИЗМАТ ЯХШИЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунининг ижро этилиши ва унга сўзсиз амал қилиниши борасидаги парламент ва депутатлар назоратининг таъсирчан механизмларини такомиллаштириш мақсадида бир қатор тадбирлар белгиланганди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди.

Ўтган ҳафта туман тиббиёт бирлашмасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Қонунчилик палатаси депутати Акмалжон Раҳмонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовлар ташриф буюришди. Улар бу ерда беморларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Тиббий хизмат сифатини яхшилаш, замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.

1 февраль куни 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш юзасидан тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада такомиллаштириш, ҚВП ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳудудий ишчи гуруҳининг текшириши якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Ёрқўрғон қишлоғидаги Боғ кўча, Янгичек, Тошлоқ, Тепасарой ва Оқтош маҳаллалари вакиллари таклиф этилди.

Йиғилишни туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов очди. Дастлаб Республикамизда, шу жумладан, тумандаги соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Насибахон Расулова сўзлади. Шундан сўнг тумандаги 31-оила поликлиникаси мудираси Иқболхон Шерматова аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат бўйича 2019 йил январь ойида олиб борилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Анжуманда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. Шу билан бирга, соҳада мавжуд камчилик ва муаммоларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Умиджон СУЛТОНОВ.