ЭЛ АРДОҒИДАГИ МИРОБЛАР
Инсон умрининг мазмуни у эгаллаган лавозиму мансаб билан белгиланмайди. Қачонки одам ўзи бажараётган ишидан, касб-коридан роҳат топса, у завқланиб ишлайди, чарчаш нималигини билмайди. Ҳатто унга ўзи шуғулланаётган ишининг мураккаблиги-ю қийинчиликлари ҳам сезилмайди. Донишмандлар айтганидай, инсон эгаллаган амалидан эмас, элу юртга нафи тегадиган касбидан фахрланса, мана шунинг ўзи катта бахт. Бизнинг мироблик касбимиз ҳам машаққатли, лекин шарафли касблардандир.
Бўлимимиз бошлиғи Дониёр Жабборов ёш бўлишига қарамай, шу соҳада ўн йилдан бери меҳнат қилиб келаётган изланувчан раҳбарлардан. Жамоамизда қарийб ўттиз беш йилдан ортиқ фаолият юритаётган мироблар кўпчиликни ташкил қилади. Бўлим бош гидротехниги Х.Халилов, муҳандис гидротехниклар А.Темиров, Ш.Ҳошимов, А.Ҳайитов, Р.Ортиқов, гидрометрлар Б.Туранов, Ш.Ўринов, А.Набиев, Т.Холдоров, И.Маматвалиев, гидротехниклар Б.Режаббоев, К.Атабаев, К.Рўзиматов, А.Бадалбоев, Х.Саидраҳимов ва Н.Юлдашевлар сув хўжалиги соҳасидаги бой тажрибаларидан фойдаланиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Мисол учун, туман ирригация бўлими балансида 241,4 км.дан иборат 57 та хўжаликлараро ариқ, 85 та сув ўлчаш иншооти мавжуд бўлиб, 2018-2019 йилги кузги-қишки мавсумда иррригация ва мелиорация тадбирлари доирасида 40 км. иш бажарилиб, режа 100 фоизга яқинлашиб қолди. Хўжаликлараро гидротехник иншоотларни таьмирлаш ишларида ҳам ушбу фидойи ходимларнинг салмоқли ҳиссалари бор.
Ўтган йиллар ва ҳозирги кундаги сув танқислигини камайтириш учун бўлимимиз жамоаси туман ҳудудидаги шўрланиши кам бўлган заканлар ва зовурлардаги сувни тоза, чучук сув билан аралаштириб, ўсимликларни ўсиш даврида сув билан ўз вақтида таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Туман ҳудудидан ўтган каналлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, гидроиншоотлар атрофлари ҳамда каналларнинг ҳимоя зонасини ободонлаштиришда жонбозлик кўрсатиб келинмоқда.
Ўтган йиллар давомида ходимларимиз томонидан тумандаги сув истеъмолчилари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари билан мунтазам учрашиб, сувга бўлган эътиборни янада ошириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида қўшимча экин майдонларининг суғорилиши таъминланди.
Фахрийларимиз узоқ йиллик меҳнат фаолиятлари давомида кўплаб ёш мутахассисларга устозлик қилиб, уларни ўз касбини севиш ва ардоқлашга ўргатишди. Шогирдларига ҳам миробликни мукаммал ўргатиб, туманда малакали мироблар сонининг кўпайишига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Айни пайтда Президентимиз олиб бораётган одилона сиёсатларини аҳолига етказишда, ўтказилаётган турли оммавий тадбирларни уюштиришда фаол иштирок этишяпти.
Биз ўз касбига садоқатли устозларимиз борлигидан фахрланамиз.
Дилшода БОБОХОНОВА,
туман ирригация бўлимининг кадрлар бўлими масъул ходими.

