ЁТ ҒОЯЛАРГА ЭРГАШМАНГ
Бугун айрим юртдошларимиз хорижга ишлагани чиқиб кетишмоқда. Улар орасида хориждан мўмай даромад билан қайтаётганлари ҳам йўқ эмас, аммо баъзи бир ёшларимиз ўз уйидан олисда, оиласи ва яқинлари назоратидан ташқарида қолишгач, турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам бор гап. Шу боис мамлакатимизда хорижий давлатларга чиқиб кетаётган фуқароларимиз ўртасида умумпрофилактик тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай тадбирлар Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар ҳамда Уйчи спорт коллежларида ташкил этилди. Унда даставвал «Ислом моҳияти ва талқин», «Ислом ниқоби остида» видеофильмлари намойиш қилинди. Ушбу фильмларда ислом динининг асл моҳияти ёритиб берилган. Шунингдек, фильмда ислом дини ниқоби остида ўзларининг пуч ғоялари билан ёшларнинг онгини заҳарлашга уринаётган оқимлар ва уларнинг аянчли қисмати акс этган лавҳалар ҳам ўрин олган.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Кулмуродов, туман ҳокимининг ўринбосарлари А.Абдураҳмонов, Р.Назаровалар сўзга чиқиб, диний экстремизм ва терроризм ўчоқлари ҳисобланган Сурия ва Ироқ давлатларида юз бераётган аянчли воқеалар, нохуш ҳолатлар, чет элга ишлаш учун кетиб, билиб-билмай ҳар хил оқимлар таъсирига тушиб қолаётган айрим ватандошларимиз, шу жумладан, адашганларнинг аянчли қисматларига тўхталдилар.
Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққанлар чегара билмайдиган ва ҳудуд танламайдиган терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик каби таҳдидлар кескинлашаётган бир пайтда аҳоли ва ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш энг асосий вазифа эканлигини таъкидлашди.
Фаридахон ОТАХОНОВА,
туман Кенгаши депутати.

