ЎЗ ДОМИГА ТОРТМАСИН

Жиноят кодексининг 270-275-моддаларини ўз ичига олган ХIХ боб «Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар» деб номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгиланган. Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган инсоннинг кўзи очилиши қийин. Чунки гиёҳвандликнинг ёвуз чангалига илинган инсон ундан қутулиб чиқиши амри маҳол бўлиб, аксинча, у ўз тўрини ҳар томонга ёйишга интилиб, янги-янги қурбонларни домига тортади. Улар келтирган офатлар оилаларнинг бузилишига, ҳали туғилмаган гўдакларнинг келажакда мажруҳ, ногирон бўлиб қолишига, ёшлар умрининг хазон бўлишига олиб келади. Энг ачинарлиси, баъзи нафсини жиловлай олмаган кимсалар эътиқоди заиф, иродаси бўш, гиёҳвандликка мойил ёшларни турли қинғир йўллар билан тузоғига илинтириб, фойдаланишади. Шу боис, бундай иллатга қарши курашиш учун ҳозирда аҳоли орасида оила, мактаб, маҳалла, мутассадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу кўрилаётган чора-тадбирлар ёшларнинг умрига зомин бўлиши мумкин бўлган хавфдан ва турли иллатлардан ҳимояланишида қўл келиши назарда тутилган. Чунки ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш нафақат оиланинг, балки мамлакат, қолаверса, жамиятнинг ҳам олдида турган асосий ва муқаддас вазифадир.

Ваҳобжон АСРАБОЕВ,

туман ИИБ ЖҚБнинг тезкор вакили, капитан.