ҲАМИША УЙҒОҚ ШОИР
Ҳар йили бўлаётганидек, бу йил ҳам айни кунларда мамлакатимизда, қолаверса, барча туркий ўлкаларда мумтоз адабиётимизнинг забардаст вакиллари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмлари нишонланмоқда.
Ўтмишда ўтган буюк зотлар билан фахрланиш ҳар бир халқда бор. Бизким, ўзбекларнинг тарихида фахрланиш мумкин бўлган даҳолар энг кўплиги қалбларимизни ғуруру ифтихорга тўлдиради. «Ўзбекнинг ўтган 2-минг йилликдаги энг буюк даҳоси ким?» -деган савол туғилса, хаёлга беихтиёр ҳазрат Навоий келади. Дарҳақиқат, ўзбек учун даҳо сўз санъаткоридан буюкроқ ва юксакроқ тафаккур чўққиси йўқ ва бўлмаса ҳам керак.
Навоий – миллат тимсоли. Миллатимиз учун характерли бўлган сифатлар ул зотда мавжуд, халқнинг бор орзу-истак ва умидлари унинг ғояларида акс этган. Ҳазрат бобомиз халқни бирлаштириш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, инсонлар қалбида маънавиятни барқ урдириш, банданинг комилликка эришуви учун, инсоний ишқда юксалиб, илоҳий ишққа эришишга йўллаш бобида ҳам беназир ва тенгсиздирлар. Ул зоти бобаракотнинг ҳар бир асарлари, ҳар бир гаплари ҳамма халқларга, миллатларга, замонларга тааллуқлидир.
Шоиримизнинг заковати, шуури, адабий маҳорати, ижодидаги сўз қудрати ҳам барча атоқли сўз санъаткорлариникидан юксак эди. Фикримизга Султон Ҳусайн ибн Мансурнинг «Рисола» асаридаги ушбу фикрлар далилдир: «Озар сеҳргари» Низомий ўттиз йилда ва «Ҳинд соҳири» Хусрав Деҳлавий етти йилда «Хамса» ёзган бўлса, Навоий икки йилда «Хамса» достонларини битириб, кўп афсоналарга дилпазир тафсирлар берди-ю, таъбписанд ислоҳлар қилди. Анинг афсоналари рангинлиғину байтлари сеҳр-ойинлиғин ва тарокиби (тузилишлари) матонатин (мустаҳкамлиги) ва маъонийси латофатин мутолаа қилган киши билғайу, мулоҳаза қилған киши фаҳм қилғай».
Навоийнинг ғазалларида фалсафий, эстетик маъно гавҳарлари, фикрлар теранлиги, руҳнинг гўзалликлари олами-ю, юксак парвозлари, мусиқий оҳангдорлиги ва дилдорлиги ҳам ҳайратланарлидир. Шоир асарларида онтология (борлиқ) ва гносеология (билиш фалсафаси), инсон руҳиятининг нозик сирлари, барча ҳолатлари ва товланишлари ўзининг равшан ва гўзал ифодасини топган. Ушбу байтга эътибор беринг:
Ўзгалар ҳуснин томошо айласам, чиқсун кўзум,
Ўзга бир кўз ҳамки, ул ҳуснинг томошо айласа.
Мана, чинакам эр кишининг, мусулмоннинг рашки! Аёлини, қиз, келинларини очиқ-сочиқ кўчага чиқараётган замондошларимиз рашкни Навоийдан ўргансалар, мақбул иш бўларди.
Нуктадон шоиримиз адабиётимиз тарихида ўзигача бўлган ижодкорлар ижодига якун ясаб, келажак ижодкорлари учун янги режалар тузиб, адабиётимизнинг янги уфқларини очиб бердики, инсоният унинг ижодидан то рўзи маҳшар баҳра олаверади. Бобомиз ўзлари ҳам буни сезгандай: «Навоийдек нетар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб», -деб ёзгандилар. Демак, ул зот қиёматгача уйғоқ бўлишларини каромат этганлар.
Миллатимиз ғурури, маънавий пири муршидимиз қилар ишларини қилдилар. Ҳамма гап биз меросхўрларда қолди. Ҳазрат қолдирган мероснинг теграсида айланавермай, унинг ичига кириб, дуру гавҳарларни териб, ўз маънавиятимизни юксалтирсак, одамийлик фазилатлари ила умримизни безасак, биздан эл-юрт ҳам, келажак авлод ҳам, ҳазратнинг руҳлари ҳам, Аллоҳ ҳам рози бўлади.
Ўринбой МЎМИНОВ.

