«БОБУРНОМА» ЖАҲОН КЕЗАДИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ ва буюк саркарда, йирик давлат арбоби, бобурийлар сулоласининг асосчиси, адолатли ҳукмдор, кўп мамлакатлар билан иқтисодий алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилган тадбирли дипломат, нозиктаъб шоир, тарихчи, руҳшунос, таржимон, этнограф ва географ олим, бетакрор ғазаллари билан ўз давридаёқ номи жаҳонга танилган шоир, Ҳиндистондек улкан мамлакат ҳукмдори бўлишига қарамай, она юрти ҳажрида юраги пора-пора бўлган ажойиб инсон эди. Бобурнинг ижоди дунё бўйлаб кенг тарқалган. «Бобурнома» қадимий Мовароуннаҳр, Афғонистон, Ҳиндистондаги халқлар ҳаёти, урф-одатлари, табиати, ҳайвонот олами ва Бобурнинг бошидан кечирган воқеалар ҳақида гувоҳлик берувчи асар сифатида алоҳида қимматга эгадир.

«Бобурнома» – Афғонистондан Олмониягача, Туркиядан Фарангистонгача, Ҳиндистондан Буюк Британиягача, Испаниядан Япониягача, қадим Туркистондан Россиягача, Покистондан Хитойгача, дунёнинг деярли барча мамлакатларига етиб борган, 30 дан ортиқ хорижий тилга тўлиқ ва парчалар ҳолида таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилган беш асрлик ноёб адабий-тарихий ёдгорликдир. Машҳур «Бобурнома» тўрт мартадан форсий, инглиз, немис, француз, турк, рус тилларида, уч марта урду, голланд, итальян, поляк, ҳинд, испан, қозоқ, озарбайжон, араб ва уйғур, жами ўттиздан ортиқ тилда чоп қилинди.

«Бобурнома» ҳали жуда кўп асрлар давомида жаҳон кезади ва жаҳон аҳлини лол қолдираверади.

Дилфуза ОТАХОНОВА,

Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи АКМ етакчи мутахассиси.