БУЮК ҚАЛБ ЭГАСИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур атоқли давлат арбоби ва лашкарбоши бўлиш билан бирга, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси ҳамдир. Унинг ҳаёти жиддий қарама-қаршиликлар билан кечган бўлса-да, ўз ҳаётини ижоди билан нурафшон қила олган дилбар шахсдир.

«Бобурнома»ни ўқиш жараёнида шунга амин бўлдимки, Бобур қаттиққўл подшо бўлиш билан бирга, марҳаматли ва шафқатли инсон бўлган.

Бобурнинг юмшоқ табиатли, раҳмдил киши эканини унинг Ҳусайн Бойқаро таъзиясига бориб қайтаётиб, адашиб қолганида ҳам кўришимиз мумкин. Қорли тоғ йўлида адашиб қолган Бобур бир ғор топилиб, унда тонг оттириш эҳтимоли бўлганда ҳам аскарлари  билан қор устида юриб, тонг оттиради. Ўзининг эътироф этишича, қор унинг қулоқ, бошларига шундай ёғадики, кечаси билан қулоғи оғриб чиқади. Шунда ҳам у аскарлари билан бўлишни хоҳлайди.

Бобур  ҳақида, унинг шахси ҳақида ҳар қанча гапирсак, оз. «Бобурнома»ни ўқиб, унинг олим ва шоир сифатида хўжалик ишларига, ободончиликка катта эътибор бергани, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлларига ҳомийлик қилгани, фарзандларига меҳрибон падар ва устоз бўлганини билиб оламиз.

Фароғат ХОЛДОРОВА,

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.