ИЗЛАНИШ ВА ТАШАББУСЛАР САМАРАСИ
Мактаб рейтинги ривожига сезиларли ҳисса қўшадиган юксак салоҳиятли педагоглар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ютуқларимиз калити, аввало, ташаббус, изланувчанлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатда, деб ўйлайман. Ўз ишига пухта, фидойи устозлардан Мастура Қирғизова, Нафиса Шамсиддинова, Мастура Саматова, Зоҳида Солиевалар ёш ўқитувчиларга намуна бўлиб, бошланғич таълим самарадорлигини оширишга эришаётган бўлишса, юқори синф ўқитувчилари орасида ҳам ўқувчиларнинг билимли, зукко, китобхон қилиб тарбиялаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳамкасбларимиз кўпчиликни ташкил этади. Улардан Зарифа Иномова, Дилдора Умарова, Нозима Шожалилова, Нодира Раҳимова, Муаззам Пирматова, Муқаддас Турсунова, Толибжон Арслонов, Муҳаммаджон Давлатов, Умида Асқарова, Фароғат Холдоровалар номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Айниқса, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, «Халқ таълими аълочиси» Замира Умарованинг эришаётган муваффақиятлари эътирофга лойиқ. Муаллима «Мундарижа», «Матн муҳаррири», «Эркин тақдимот» каби ўндан зиёд инновацион педагогик технологияларни амалиётга татбиқ этиб келмоқда. Ўқувчиларни адабиётга, китобхонликка қизиқтириб, 8-9-синфлар ўқувчиларининг хонадонларида кутубхона ташкил этишга муваффақ бўлди.
Ижодкор ўқитувчи З.Умарованинг ўттиздан ортиқ таълимга оид илмий-методик мақоласи, тезислари вилоят, республика миқёсидаги анжуман материаллари тўпламларида чоп этилиб, оммалаштирилган. Шунингдек, Юртбошимизнинг «Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак» номли асари асосида 11-синфларда «Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» достонини ўрганиш» мавзусидаги дарс ишланмаси Алишер Навоий номидаги Тошкент ДЎТАУ илмий тўпламида чоп этилди ва республика миқёсида оммалашди. Республикада ўтказилган бундай илмий-амалий конференциялар тўпламларига киритилган методик тавсияларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Замира Умарованинг бир неча йиллик самарали илмий-методик фаолияти юксак баҳоланиб, 2017 йили Алишер Навоий номидаги Тошкент ДЎТАУ методика кафедраси аъзоси бўлган. 2018 йили университет ректори Ш.Сирожиддинов ва мактабимиз ўртасида З.Умарованинг илмий-методик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган «Инновацион ҳамкорлик» шартномаси тузилди. Устознинг шогирдлари Зебо Бекмирзаева, Шаҳзодбек Ҳамрабоев, Аброрбек Аҳмедов, Юлдуз Исматуллаева, Моҳларойим Абдуғаниевалардан иборат «ЗИЁ» жамоаси 2018 йили Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган «Ёш китобхонлар» танловининг вилоят босқичида 1-, Республика босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Моҳир педагог Замира Умарова ҳамда «Ёш китобхонлар»нинг эришган муваффақиятлари билан туман ХТБ мудири Шуҳратжон Муродов табриклаб, «Ташаккурнома» ҳамда эсдалик совғалари топширди.
Биз мактабимизда ижодкор устозлар сафи янада кенгайишини тилаймиз.
Гавҳарой ҲАКИМОВА,
мактаб директори, туман Кенгаши депутати,
Нигора АБДУЛЛАЕВА,
ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.

