МАНСАБДОР ШАХС ҲИЙЛАСИ
Бугун юртимизда фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш қишлоқ хўжалиги соҳасини замон талабига мос ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири саналади. Шу боис ушбу масалага лоқайдлик билан қараган мансабдор шахс жазога тортилиши муқаррардир.
Текширувларда аниқландики, 2017 йилнинг октябридан 2018 йилнинг мартига қадар оралиқда тумандаги 5 та фермер хўжалигига жами 28820700 сўмлик минерал ўғитлар «Қишлоқхўжаликкимё» АЖга қарашли шохобча омборидан гарчанд ишончномалар олинган бўлса-да, етказиб берилмаган. Суриштирувлар натижасида мансабдор шахс Н.Р. ушбу минерал ўғитларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлди.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Суд айбланувчи Н.Р.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топди ва унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш муайян ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Зуҳриддин ТЎХТАБОЕВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти туман бўлими инспектори,
Исроилжон ОРТИҚОВ,
туман прокурорининг катта ёрдамчиси.

