ЯНГИ СОЛИҚ КОНЦЕПЦИЯСИГА АСОСАН

Туманимиз ҳудудида янги солиқ концепциясига асосан умумбелгиланган тартибда солиқ тўлаш режимига ўтаётган корхоналар 2018 – йиллик банк айланмалари ва 2018 йил 4-чорак учун тақдим этган ҳисоботларига асосан қайтадан инвентаризациядан ўтказилди.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига туман бўйича жами 35 та ҚҚС тўловчи корхона мавжуд бўлгани ҳолда, ўтказилган инвентаризация натижасига кўра 2019 йил 25 январь ҳолатига янги 68 та, шундан 41 та 1 млрд.дан 3 млрд.гача ҳамда 27 та 3 млрд. сўмдан ортиқ товар айланмасини амалга оширган корхона мавжудлиги аниқланиб, қўшилган қиймат солиғи тўлаш режимига ўтаётган корхоналар сони 103 та(2,9 баробар кўп)га етди.

Тумандаги барча юридик шахсларнинг 2018 йил январь ва 2019 йил январь ойининг 27 кунлигида тўлаган солиқ тўловлари таҳлил қилинди.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўтган йилнинг 27 кунлигида 46 та корхона томонидан 1129 млн. сўм солиқ тўлови амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 27 кунлигида ушбу корхоналар томонидан 640 млн. сўм тўлов амалга оширилганлиги, тушум ўтган йилга нисбатан камайиб кетганлиги кузатилди.

2018 йил декабрь ва 2019 йил январь ойининг 27 кунлигида тўланган солиқ тўловлари таҳлил қилинди. Таҳлиллардан ўтган йилнинг 27 кунлигида 98 та корхона томонидан 3934 млн. сўм солиқ тўлови амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 27 кунлигида ушбу корхоналар томонидан 1447 млн. сўм тўлов амалга оширилганлиги, тушум ўтган йилга нисбатан камайиб кетганлиги маълум бўлди. Бу эса, ўз нав-батида, ушбу корхоналар томонидан бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажми солиқдан қочиш мақсадида яширилаётганлигидан далолат бермоқда. Хронометраж тадбирлари натижасида ушбу корхоналардан 160 млн. сўмдан ортиқ маблағ банк кассасига кирим қилдирилди. 36 нафар норасмий ишлаётган ходим аниқланиб, хронометраж ўтказиш жараёнининг ўзида ушбу ишчи-ходимлар буйруқлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 850-сонли қарорига асосан 2011 йил 7 январдаги «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 6-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигидан келиб чиқиб, бугунги кунда фаолият кўрсатиб келаётган 654 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолиятини қарор талабларига мувофиқлаштириш мақсадида уларга тегишли тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда ёзма хабарномаларни етказиш  бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 654 нафар тадбиркорга ёзма хабарномалар етказилиши таъминланди. Шундан 76 нафар тадбиркор фаолият турини ўзгартириб, қайта  рўйхатдан ўтди.

Жоҳонгир НУРИТДИНОВ,

туман прокурори ўринбосари.