БИРЛАШСАК, БИЗ КАТТА КУЧМИЗ
Мамлакатимизда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун, «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқини қўллаб-қувватлаш тўғрисида», «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармонларнинг қабул қилиниши катта тарихий аҳамиятга эга бўлди.
20 январдан 20 февралга қадар ташкил этилган «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти самарадорлигини ошириш ойлиги» тадбирларида қатор режалар белгиланиб олинди. «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури доирасида 2019 йилда молиялаштириши режалаштирилган лойиҳалар ташаббускорлари билан учрашув, «Бизнесни ташкил этиш ва уни бошқариш» мавзусидаги семинар-тренинг, «Ёшлар – муносиб меҳнат ва ташаббускорлик» мавзусида хорижда ишлаб қайтган ёшлар билан «Ҳоким ва ёшлар» очиқ мулоқоти жонли, таъсирчан ва фойдали бўлди.
Набижон Абдуллаев номли СИУ ҳудудидаги «Олтин Гавҳар Зумрад Нур» фермер хўжалиги раҳбари Абдунаби Зайниддинов туманимиздаги энг ёш фермерлардан саналади. У 30 сотих жойда ташкил қилган иссиқхонасида помидор, карам кўчатлари, редиска етиштиряпти. Ўнга яқин ёш иш билан таъминланган. Дала шийпони таъмирланиб, зарур шароитлар яратилган. Бу ерда иш билан банд бўлмаган ёшлар учун томорқадан самарали фойдаланиш бўйича кўргазмали семинар ташкил қилинди.
Туман ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган «Ҳоким ва ёшлар» очиқ мулоқотини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Анваржон Атақўзиев очди. Шундан сўнг туманимиз ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқди.
-Туманимизда 102589 нафар ёш мавжуд бўлиб, шундан 64963 нафарини 14-30 ёшдагилар ташкил этади. Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи бугуннинг энг долзарб вазифасидир, -деди туманимиз раҳбари ўз маърузасида. -Шу боис ҳам мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида» 5466-сонли Фармони ижроси юзасидан туманимизда 2018 йил якуни бўйича 19 нафар ёш тадбиркорга 3 млрд. 355 млн. сўм миқдорида 5 йил муддатга 7 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилиб, 129 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 49 нафарига бизнес режа тузишга кўмаклашилди. Туман ҳокимининг қарори асосида Қўрғонча маҳалласи ҳудудида қиймати 1 млрд. 487 млн. сўмлик, Гулистон маҳалласида 1 млрд. сўмлик «Ёшлар меҳнат гузар»лари барпо этилмоқда. Шунингдек, ушбу дастур бўйича 2019 йилга жами 41 нафар ёш ташаб-бускорнинг бизнес лойиҳаси манзилли рўйхатга киритилган.
Мулоқотда сўзга чиққанлар ёшларни бирлашишга чақиришди, шундагина улар катта кучга айланиб, ҳар қандай эзгу мақсадлари рўёбга чиқишини билдиришди.
Ўзаро савол-жавоблар асосида кечган мулоқотда 19-мактаб ёшлар етакчиси Нозимжон Нуриддиновнинг теран фикрлари барчанинг эътиборини тортди.
-Азиз тенгдошлар, укалар, -деди у мулоқот иштирокчи-ларига юзланиб. -Ҳаётда ўз ўрнини топаман деган инсон, аввало, яхши таълим-тарбия олиши, йигитлар ҳарбий хизматга бориши, олий маълумотли бўлиши ёки бирор ҳунарни эгаллаши, қизларимиз ҳам, ҳеч бўлмаганда, уйда бирор бир фойдали иш билан машғул бўлиб, даромад топиш йўлини ҳозир ўйлаши зарур.
Мулоқот давомида ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредит олиш тартиби, оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш, бизнес режа тузиш каби мавзуларда атрофлича жавоб қайтарилди.
Шу куни туман марказида ташкил қилинган марафон ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортнинг оммавийлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Марафонда туманимиз ҳокимидан тортиб ўринбосарлар, ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла ФЙ раислари, мактаб директорлари иштирок этгани янада эътиборлидир. Финишга биринчи бўлиб Авазбек Охундедаев, Убайдулло Ҳабибуллаев, Бобур Усмоновлар етиб келишди.
«Пахтакор» марказий стадионида юзлаб хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари бадантарбия машғулотларини ўтказишди. Бу ерда спортчилар ҳамда марафон ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Шарифжон Мўминжонов, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев, туманимиз ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовлар сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдиришди, бир гуруҳ спортчиларга эсдалик совғалари топширишди. Улар сафида кикбоксинг бўйича ўтказилган мусобақа ғолиблари Гулмира Бозорова, Моҳинур Бозорова, Шаҳзода Кимсанова, Шоҳида Тошматова, Фаёзбек Аҳмаджонов, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Султонмаҳмуд Акроловлар бор.
Тадбирлар доирасида 11,16,31-мактабларда божхона, мудофаа бўлими ходимлари, байналмилалчи жангчи фахрийлар вакиллари билан учрашувлар уюштирилди.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,
туман Кенгаши депутати.

