ИНСОН ЭРКИНЛИГИГА ТАҲДИД

Одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Одам савдосига қарши курашиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, XIX аср охири ва XX аср бошларида аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда Европага сотиш ҳодисаси кузатилган. Бу ҳодисага барҳам бериш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференция ўтказилиб, «Оқ қуллар савдосига қарши кураш» номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинган. Кейинроқ ушбу Конвенция «Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш» ва «Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш» номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. Одам савдоси муаммосига қарши курашишнинг кейинги тарихий жараёнлари секин-аста ривожланиб, 1948 йилда «Инсон ҳуқуқлари» умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган. Шундан сўнг «Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси», «Қуллик хусусида»ги Конвенция, «Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида»ги қўшимча Конвенция, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди. Бугунги кунда юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келиняпти.

«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ва 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди.

Ҳозирги кунда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси томонидан ҳам одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилиб келиняпти.

Шу ўринда барча фаолларни одам савдосига қарши курашиш борасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда профилактик тадбирларда  янада фаолроқ бўлишга чақириб қоламан.

Дилмурод АБДУҚАҲҲОРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси етакчи мутахассиси.