ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИ
Ўзбекистон «Адолат» СДП Наманган вилоят ташкилотларида ҳам анъанавий «Йилнинг энг фаол адолатчи аёли» кўрик-танловини ўтказишга уюшқоқлик билан киришилди. Бу тадбир мана бир неча йилдирки, партиянинг танилувчанлигини оширишда, унинг ғоя ва дастурларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туман маданият марказида танловнинг туман босқичи бўлди. Шуни айтиш керакки, иштирокчилар кўрик-танловга пухта тайёргарлик кўрганликлари биринчи шартни бажараётганларидаёқ кўзга ташланди. Айниқса, тиббиёт бирлашмаси шифокори Муаттар Икромова ва 12-мактаб муаллимаси Замирахон Умарованинг чиқишлари барчада яхши таассурот қолдирди. Бу, албатта, бошқа қатнашчилар ёмон натижа кўрсатдилар, дегани эмас. Улар ҳам ўз салоҳиятларини тўлиқ намойиш этишга интилдилар. Бу, ҳайъат аъзолари томонидан ҳам алоҳида эътиборга олинди.
Танлов якунига кўра, Замирахон Умарова, Муаттар Икромовалар ғолиб деб топилдилар ва вилоят босқичига йўлланма олдилар. Ғолиб ва фаол иштирокчиларни Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраев, туман ҳокимининг ўринбосари Раъно Назаровалар қизғин табриклаб, диплом ва эсдалик совғалари топширдилар.
Фаридахон ОТАХОНОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати.

