ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ МАҚСАДИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февраль куни қабул қилинган «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори тадбиркорларга янада қулай шароитлар яратиш ва инвестиция муҳитини яхшилашда катта аҳамиятга эга.
Ушбу қарорга кўра, 2019 йил 1 мартдан бошлаб:
а) тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида – банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур бўлган шарт-шароитлар мавжуд бўлганда таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очиши мумкин;
б) қурилиш учун рухсатномалар олиш соҳасида:
-ер участкасида қурилиши тақиқланган ёки рухсат этилган объектлар турларининг тўлиқ рўйхатини мажбурий тарзда кўрсатиб, «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасига аукцион орқали қўйилганда, ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш тартиби бекор қилинади;
-қурилиш органларига архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функциялари ушбу кенгашларда фақат тарихий ҳудудлар, шу жумладан, маданий мерос ёдгорликларини қўриқлаш ҳудудлари, шунингдек, давлат объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функцияларини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади;
-«E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларидаги қурилиш объекти фойдаланишга топширилганидан сўнг амалга ошириладиган топографик ва махсус суратга олишларни (зарур ҳолларда) янгилаш ишларининг қиймати ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар доирасида ер участкалари ва кўчмас мулк эгалари фаолиятига аралашмаган ёки тўсқинлик қилмаган ҳолда тўланади;
-қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома кўчирмаси билан бир вақтда берилади;
в) электр таъминоти тизимига уланиш соҳасида – истеъмолчиларни электр таъми-нотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўлланилади;
г) мулкни рўйхатдан ўтказиш соҳасида:
-кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳисобини юритиш учун ариза экстерриториаллик принципи асосида берилиши мумкин;
-жисмоний ва юридик шахслар кўчмас мулк объектлари бўйича битим ва кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини олиш билан боғлиқ бўлган гувоҳномаларни нотариал тасдиқлаш учун мурожаат қилганда, нотариал идоралар мажбурий тартибда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани ва тегишли ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ахборот-коммуникация тизимлари орқали бепул асосда юборади;
-кўчмас мулк объектининг кадастр йиғма жилди ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун электрон шаклда мурожаат қилиш ва тайёрлаш механизмини жорий этиш орқали қоғоз шаклида мурожаат қилиш ва кадастр йиғма жилдини бериш тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларнинг муҳр билан тасдиқланишини талаб қилиш, қурилиш-монтаж ишларининг бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этиш орқали уларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш, оммавий офертани жорий этиш орқали қурилиш соҳасини назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги устидан назорат функцияларини бажариш юзасидан шартномалар тузиш тартиблари бекор қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Бош прокуратуранинг 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди:
-шаҳарсозлик фаолияти объектини қуришни лойиҳалаштириш учун меъморий-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш ер участкасини «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрланаётганда амалга оширилади ва аукцион ғолибига бепул асосда берилади.
Муҳиддин СИДДИҚОВ,
туман Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи.

