ТОНГ КУЙЧИСИ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,

Бинафша лабида, ерларда баҳор.

Қушларнинг парвози, елларнинг нози,

Бахмал водийларда, қирларда баҳор…

Ўзбек  аёлининг чинакам тимсоли, оташқалб шоира, баҳор, яшариш ва эзгулик, вафо ва садоқат куйчиси Зулфия чин маънода баҳор фарзанди, кўкламнинг эрка қизи.

Шоиранинг баҳорнинг илк куни 1 март санасида таваллуд топганлигининг ҳам ўзига хос рамзийлиги бор. Зулфия баҳорда туғилди, баҳорда яшади, баҳордек одамларга, атрофга хушнудлик улашди. Оташин ижоди билан минглаб, миллионлаб қалбларни тўлқинлантирди, адабиётнинг, шеъриятнинг чинакам ошуфтасига айлантирди. Серқирра фаолияти давомида юзлаб издошларини тарбиялади, камолга етказди.

Шоира ижодининг мавзу кўлами анчайин кенг, образ ва тимсоллар олами беҳад бой. Унинг мероси таҳлили, айниқса, тонг тимсолига айрича меҳр қўйганини, орзу-умидлари ва нафис туйғуларини, изтироблари ҳамда армонларини ушбу тимсол замирига маҳорат билан жойлай билганини кўрсатади: «Муҳаббат тонги кулганда», «Саҳар мен билан…», «Биз тонгни севган-чун», «Менинг тонгим», «Тонг», «О, эртам, энг гўзал афсонам». Сарлавҳаларнинг ўзиёқ шоиранинг тонгни қанчалар қадрлаганининг исботидир. Унингча тонг – тиниқлик ва ёруғлик рамзи. Бу тиниқлик, наинки оламга, кўнгилларга ҳам сафо бахш этади. Ватан ва миллат, меҳру муҳаббат туйғуларини ўзига хос бадиий услубда, баланд пардаларда куйлаган шоира Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда «маънавий жасорат тимсолига, вафо ва садоқат рамзига айланди».

Бундай эҳтиром шеърпараст замондошларимизга илҳом, куч-қувват бахш этади.

Нодира ҚАЮМОВА,

Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи АКМ етакчи мутахассиси.