ҚУЁНЧИЛИКДАН КЕЛГАН БАРАКА
ҳамюртимиз Республика кўргазмасида ғолиб бўлди
21-22 февраль кунлари Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон наслли қуён етиштирувчилар ассоциацияси» томонидан илк бор «Наслли қуёнлар кўргазмаси» ташкил қилинди. Юқори савияда уюштирилган ушбу анжуманда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган соҳа мутахассислари ўзаро беллашдилар. Қувонарлиси, унда иштирок этган ҳамюртимиз, Исломобод маҳалласи фуқароси Муҳаммадали Раҳматуллаев кўргазма ғолиби бўлди. Унинг кўргазмага қўйган иккита фландр зотли қуёни ҳакамлар томонидан энг юқори балл билан баҳоланди.
Биз Муҳаммадалининг қуёнчилик соҳасидаги ишлари билан яқиндан танишиш истагида унинг хонадонига ташриф буюрдик.
Қуёнчилик – сердаромад соҳа. Унинг машаққати ҳам шунга яраша. Муҳаммадали Раҳматуллаев билан суҳбат айнан шу мавзуда бошланиб кетди. Атиги бир йил олдин қуёнчиликка қўл урган қаҳрамонимиз эришилган натижадан, даромаддан кўнгли тўлганини гапириб берди.
-Қуёнчиликка сармоя сарфлашдан олдин пухта ўқиб-ўргандим, -дейди тадбиркор. -Соҳага оид барча энг сўнгги янгиликлар, маълумотлар билан танишдим. Шундан сўнг зотдор қуёнларни кўпайтиришга бел боғладим. Натижа эса ўзини кўп кутдирмади.
Хонадонда парваришланаётган қуёнларни кўриб, ҳар қандай кишининг ҳаваси келиши табиий. Катакларда урғочи, эркак, бола қуёнларнинг озиқланиши, улғайиши, кўпайиши учун табиий муҳит яратиб берилган. Озиқ рациони, ўз вақтида овқатлантириш, атрофни озода сақлаш қаттиқ назорат остида. Бу юмушларга Муҳаммадалининг ўғли Жамшидбек масъул экан. Хонадонда нафақат мамлакатимиз, балки қитъамизда ҳам ноёб саналган Бельгия фландри, Янги Зеландия оқ қуёни, рекс, Калифорния зотли қуёнлар боқилаётганига гувоҳ бўлдик. Ўтган йили Славакияда бўлган кўргазмада ғолиб бўлган рекс зотли қуённи интернет орқали харид қилингани ва ундан насл олинаётганини эшитиб, Муҳаммадалининг тиришқоқлигига яна бир карра қойил қолдик. Бугун унинг қуёнларига қўшни Тожикистон ва Қозоғистонда харидорлар кўпаётганига ҳеч ҳайрон бўлмадик. Тошкент кўргазмасидан сўнг юртимизда ҳам у билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган қуёнчилар сафи кенгайишига ҳеч шубҳа йўқ.
Дарвоқе, қуёнчиликни янада кенгайтириш мақсадида Муҳаммадалининг отаси Асадулла ака маҳалла чойхонаси биносини биржадан сотиб олгани, ҳозир у ерда қурилиш ишлари бошланаётганини эшитиб, хурсанд бўлдик. Юртимизда мамлакатимиз раҳбари раҳнамолигида тадбиркорликнинг барча соҳаларига эътибор қаратиляпти, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамма кучлар сафарбар этилган. Шундай шароитда билими, кучи, маҳорати ва меҳнати билан ўз соҳасининг байроқдори даражасига чиқиб борган ҳамюртимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Уларнинг сафи кенгайишини чин дилдан истаймиз. Бироқ айнан ўша эски чойхона биноси билан боғлиқ бўлган айрим тўсиқлар, кўнгилсизликлар Асадулла отанинг дилини хуфтон қилганини эшитиб, бироз ранжидик. Шу ўринда айрим маҳалладошлар, қўшнилар, МФЙ мутасаддилари бугунги кун ҳавосидан нафас олсалар, замон билан ҳамқадам бўлсалар, эртанги кун кишиси каби фикрласалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

