АМИР ТЕМУР – ТЕНГСИЗ САРКАРДА
Дунё тарихида кўплаб жаҳонгирлар ўтган. Қайси мезонда олиб қарамайлик, бобомиз Амир Темурга ҳеч бири тенглаша олмайди. Унинг донолиги, тадбиркорлиги, куч-қудрати, ҳарбий салоҳияти, матонати, энг асосийси, адолати умрининг охиригача сусаймади, пасаймади. Анқара яқинида Йилдирим Боязидни енгганда, ҳарбий тактика, стратегия бобида ҳам тенгсиз эди. «Ноқулай вазиятда мингта жангчи билан тургандан, қулай вазиятда ўнта жангчи билан турган маъқул», -деб ҳисоблайди. Саркарда умри, ҳарбий юришлари давомида интизомли қўшин тузиш, уни моҳир қўмондонлар билан таъминлаш, жанг давомида қисмлар ҳаракатини узвий равишда санъаткорона бошқариш, зарур нуқталарга кўмак кучларини вақтида йўллаш, ғанимнинг марказий, таянч шаҳарларига қўққисдан қақшатқич зарбалар бериш, қалъа ва қўрғонларни узоқ қамал қилиб, ҳолдан тойдириш, душман кучларини кенг кўламда қуршовга олиш, разведка ишларини аъло даражада ташкил этиш кабиларга жиддий аҳамият қаратдики, булар унинг доимо зафар қучишига асосий омил бўлди.
Соҳибқирон тузган қудратли ва интизомли армия жаҳоннинг ўша даврдаги энг илғор армияси сифатида ҳозир ҳам тарихчилар, ҳарбий мутахассислар томонидан эътироф этилади.
«Темур тузуклари» давлатни бошқариш ва ҳарбий соҳада жаҳондаги нодир асарлардан биридир. Бу асарга рус шарқшуноси Логофет: «Тузуклар» ўрта асрлар даврининг мукаммал конституцион ҳужжатидир», -деб баҳо беради.
Амир Темур ҳаёти ва ҳарбий санъатини қайта-қайта ўқир эканмиз, қалбимизда Ватанга муҳаббат, ўтмишга ҳурмат, келажакка ишонч туйғулари мустаҳкамланиб бораверади.
Шуҳратжон МАМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия ҳарбий-техника институтининг 1-босқич курсанти.

