АЁЛИНИ ЭЪЗОЗЛАГАН ЮРТ
«Ухламайди тунлари –
Ой нурлари таралган.
Ўзбекнинг хотинлари
Фарзанд учун яралган.»
Ҳа, шоир Муҳаммад Юсуф кўклам нафасини гўзал ташбеҳларда намоён этса, шу биргина мисрада ўзбек аёлининг заҳмати, меҳру садоқати, беором қалбини шунчалар латиф битган. Баҳор гўзал, латофатли, ўйчан қизнинг ширин хаёллари-ю, келинлардек бутун олам гўзаллигини ўзида мужассам этгани учун ҳам Аёл каби қадрли. Шунинг учун бўлса керак, Баҳор ва Аёл бир-бирига ўхшаш ва эгизакдек гўё…
Юртимизга баҳорнинг ташрифи кунларида хотин-қизларнинг халқаро байрамини нишонланишида ҳам ажиб бир ҳикмат бордек. Ҳар доимгидек ҳаёт қувонч ва ташвишларига андармон бўлиб, юпанч ва дилкаш суҳбат, беминнат меҳр истаб қоламиз. Гўёки, бизни кўз илғамас бир сирли куч ўзига оҳанрабодек тортаверади. Бу беқиёс куч – Аёл, Она меҳри эканини ҳис этамиз.
Аёл бугун ўзининг Она мақомидан ташқари ижтимоий ҳаётда барча соҳаларда фаол бўлишга интилмоқда. Айниқса, муҳтарам Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик ва эътибор кўрсатилиши аёлга куч-қувват, чинакам матонат, ирода ва жасорат бахш этмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш, оила ва маҳалладаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан этиб белгиланмоқда
Аёл! Бугун шоира, мураббий, устоз, шифокор, фан арбоби каби юксак шараф, эътирофга сазовор. Халқимиз буюк тарихда ўзининг мислсиз жасорат ва матонати, ақл-заковати, нафосат, назокати билан ўчмас ном қолдирган Тўмарис, Бибихоним, Гулбаданбегим, Зебуннисо, Нодираи даврон ва Увайсийларни ҳамиша эҳтиром билан тилга оламиз. Улуғ момоларимизнинг чинакам олижаноб фазилатлари бугун муҳтарам аёлларимиз сиймосида давом этиб келмоқда. Умри азиз қизларжон, меҳри уммон аёллар! Ҳаёт гўзаллиги сиз билан, сизнинг борлигингиз билан. Сизни ҳар қанча улуғласак, демакки, биз оиламизни, она-Ватанимизни эъзозлаган, ардоқлаган бўламиз. Чунки бу юрт аёлга бахт тутган юртдир.
Жамила ПЎЛАТОВА,
туман АРМ раҳбари, тарғибот гуруҳи аъзоси.

