БОЖХОНА ПОСТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛДИ
2019 йил 1 февралдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида божхона постларига бир қатор ваколатлар берилди. Мазкур ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5582-сонли Фармони ижроси доирасида амалга оширилди.
Хусусан, эндиликда божхона постлари юридик шахс мақомига эга бўлиб, уларга юклатилган вазифалардан келиб чиқиб пост бошлиқлари жисмоний ва юридик шахсларнинг товарларни божхона назорати ва расмийлаштируви, божхона тўловлари, божхона экспертизаси, суриштирув ва божхона қонунчилиги йўналишидаги 24 турдаги масала ва йўналиш бўйича мурожаатларини қабул қилишлари, кўриб чиқишлари ҳамда тегишли ёзишмаларни имзолашлари мумкин. Ваҳоланки, илгари бу масалаларда жисмоний ва юридик шахслар фақатгина Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишга мажбур бўлишарди.
Шунингдек, божхона постларига:
-мурожаат йилидаги расмийлаштирилган божхона юк декларацияларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, қайта расмийлаштириш (божхона тўловларига таъсир этадиган графалар бундан мустасно);
-юкларни етказиб бериш назорат китобчаларининг электрон шаклдаги маълумотларига (товар тўғрисидаги маълумотлардан ташқари) ўзгартириш киритиш;
-автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш мажбуриятномасининг муддатини узайтириш, электрон шаклдаги маълумотларга ўзгартириш киритиш;
-транспорт воситасига товарларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташишга рухсат бериш тўғрисидаги гувоҳномани бериш;
-келиб чиқиш тўғрисидаги сертификат тақдим этилган тақдирда товарларга энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режимини қайта тиклаш каби ҳуқуқлар ҳам берилди.
Юридик ва жисмоний шахслар божхона пости бошлиқларига мурожаат қилиш мумкин бўлган масалалар бўйича тўлиқ маълумотларни Наманган вилоят божхона бошқармасининг (69) 234-33-01, 234-35-01 телефон рақамлари орқали боғланиб, олишлари мумкин.
Азизбек РАҲМОНОВ,
Раҳматуллоҳ МАМАТАЛИЕВ,
«Наманган аэропорти» чегара божхона пости ходимлари.

