ЖАРИМАГА САБАБ БЎЛДИ

Ровотлик ҳамюртимиз Т.К. яқиндагина 18 ёшни  қаршилади. Унинг энди беғубор болалиги-ю, ўспиринлиги ортда қолди. У бундан кейин катталардай фикрлаши, иш юритиши талаб этилса-да, ҳар бир босган қалтис қадами учун жавобгар эканини унутди.

Яқинда «Уйчи пахта тозалаш» АЖдан ҳеч қандай ҳужжатсиз ва ҳеч кимдан сўрамай, 1 қоп (28 кг.) техник чигитни олиб чиқиб кетаётганда ушланди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик Уйчи туман маъмурий судининг очиқ сайёр суд мажлисида атрофлича кўриб чиқилди. Суд ҳуқуқбузар Т.К.нинг ташкилотга етказган 39128 сўм моддий зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 61-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг тўртдан бир баробари миқдоридаги 50683 сўм жарима жазоси тайинланди.

Инсон ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқариш ва уларни қайта такрорламаслик орқали комилликка эришади. Ўйлаймизки, ушбу кўнгилсизлик «қаҳрамон»имизга ҳам, у тенги мустақил ҳаётга эндигина қадам қўяётган ёшларга ҳам катта сабоқ бўлади. Ҳар ҳолда биз шунга умид қиламиз.

Бобуржон ҲУСАНБОЕВ,

Норин туман маъмурий суди судья ёрдамчиси.