КИТОБХОНЛИКДА ИННОВАЦИОН УСУЛЛАР
26-мактаб қошидаги туман ахборот-ресурс марказида «Глобаллашув шароитида ўқувчилар китобхонлигини ташкил этишнинг инновацион усуллари» мавзусида туманлараро вилоят семинари бўлиб ўтди. Мавзу юзасидан АРМ раҳбари Ж.Пўлатова, инновацион сектор бўлими мудири О.Мирзаевлар тақдимот маърузаси қилишди. Тақдимотда ўқувчиларнинг китобга бўлган қизиқишини уйғотишда турли мавзулар акс эттирилган ҳамда совға қилинган китоблар кўргазмаси ёки кўп китоб ўқиган китобхонлар ҳақидаги кўргазмаларга эътибор қаратилди. Инновацион методдаги китобхонлик тадбирлардан «Туғилган кунинг билан китоб», «Китобхонлардан китобхонларга», «Энг кўп китоб ўқиган бола», «Китоб-лар хитпаради», «Ижод боғи ёки биобиб майдони», «Мен севган китоб» сўровномаси, «Менинг биринчи китобим», «Радио китоб» ҳақида сўз, «Герменевтик суҳбат» методи, бу матнларни шарҳлаш санъати, яъни бунда ўқилаётган китоб, ўрганилаётган матн, томоша қилинаётган расм натижаларининг асл маъноси, мазмунини китобхонлар ҳамкорлигида тушунтириш ва изоҳлашдир. Ушбу иш методи асосида китобхонлар иштирокида болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг «Мунгли кўзлар» ва «Сариқ девни миниб» китоблари юзасидан герменевтик суҳбат ўтказилди ва кутубхона бўйлаб блиц экскурсия ташкил этилди. «Бизнинг қабул карточкамиз», «Янги асрнинг янги китоби», «Таълим ва муваффақият» китоблар кўргазмаси, «Китоблар олами бизнинг китоб жавонимизда» бунда фондга киритилган янги китоблар, муаллифларнинг янги асарлари билан таништириш, кутубхона фондига келиб тушган газета ва журналлар ҳақида маълумот бериш, «Китоб – қалбим дўсти» адабий клуб вакиллари, меҳмонлар иштирокида китобхонлар соатини ўтказиш эътироф қилинди. СД-РОМ ва мультимедия-кўргазма, «Йилнинг энг яхши китоби» кўргазмалари тақдим этилди. Семинарда туман мактаб кутубхоначилари ва вилоятимиздаги туманлар ахборот-ресурс марказлари ходимлари кутубхоналар фаолиятини инновацион усулда олиб борилиши бўйича билим ва кўникмага эга бўлдилар.
Туман маданият бўлими, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган 12, 13, 23, 26-мактаблар ўқувчилари иштирокида «Китоб лотто»,»Китоб терепия» методида Тоҳир Маликнинг «Алвидо, болалик!», Одил Ёқубовнинг «Яхшилик» ҳикояси асосидаги саҳналарда ушбу методни самарали ва китобхон тарбиясига қаратилган жиҳатлари кўрсатиб берилди, «Мен севган китоб» сўровномаси ҳамда «Герменевтик китобхон суҳбати» фаол китобхонлар томонидан мисоллар билан намойиш қилинди. Семинар давомида «Биз оилавий китобхонмиз» лойиҳасида оилавий китобхонликда олиб борилаётган тарғибот ишлари билан ҳам танишилди. Келгусида тумандаги барча умумтаълим мактаб ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналарида «РАДИО КИТОБ» рукнида янги нашрлар, севимли шоир ва адиблар асарлари тарғиботини синфлар кесимида тизимли тақдим этиш, фаол китобхонлар ва кутубхоначиларнинг чиқишини ташкил қилиш вазифаси белгиланди.

