«МЕНИНГ МАҲАЛЛАМДА ЖИНОЯТ СОДИР БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК»
Кеча туман марказида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, туман ҳокимлиги, ИИБ ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда «Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши бирга курашамиз» шиори остида тадбир ҳамда «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси марказий девони офицери, майор Умиджон Ҳасановлар сўзга чиқиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши бирга курашиш барчанинг шиорига айланмоғи лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, Миллий гвардия офицерлари тадбир иштирокчиларига ҳарбий-техника анжомларини намойиш қилишди.
Туман маданият бўлимининг «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг Дилшодбек Нажмиддинов бошчилигидаги доирачилар гуруҳининг чиқишлари, ҳарбий Баҳодир Исломовлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Тадбир доирасидаги «Меҳнат ярмаркаси»да жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда хориждан қайтган фуқаролар, ишсиз ёшлар қатнашдилар. Уларга 38 та корхона ва ташкилотдан 300 дан ортиқ бўш иш ўрни таклиф қилинди.
Тадбирда иштирок этганларнинг 56 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилган бўлса, 200 дан ортиғига «Ҳар бир оила тадбиркор» лойиҳаси асосида имтиёзли банк кредитлари бериш тартиби тушунтирилди.
Шу куни туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида шу мавзуда йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Авазбек Лутфидиновлар йиғилиш иштирокчилари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтардилар.
Аброр САБАРАЛИЕВ.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

