МУНОСИБ НОМЗОДЛАР УЧУН
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги йиғилишида фуқаролар йиғини раислари(оқсоқоллари)нинг сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Сенат қарорига кўра, сайловни ўтказиш жорий йилнинг май ойига белгиланган бўлиб, сайловлар очиқ овоз бериш орқали эмас, балки ёпиқ (яширин) овоз бериш орқали сайлов ёшига тўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизи миқдоридаги вакиллар томонидан 2,5 йилга эмас, 3 йил муддатда фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайланиши белгиланди.
Аввал оқсоқолларимизни маҳалла кенгаши тавсия қилган ишчи гуруҳ томонидан овоз бериб сайланган. Албатта, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун, аввало, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)ни ўтказиш орқали ҳар бир маҳаллада ишчи гуруҳлар тузилишига туман кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари масъулият билан ёндашиши зарур, чунки, тузилган ҳар бир ишчи гуруҳ томонидан эртага маҳалла аҳолисининг 12 фоизидан кам бўлмаган вакиллари орқали ёпиқ (яширин) овоз билан маҳалла оқсоқоли сайланади.
Бугунги кўмаклашувчи комиссия ҳар бир маҳаллада тузилган ишчи гуруҳга, аввало, сайловчилар умумий рўйхатини тузиш, ундан 12 фоиздан кам бўлмаган вакилларини ҳовлилар ва кўчаларга тақсимлаб, рўйхатини шакллантириш, туман ҳокимлиги билан сайлов ўтказиш жойларини аниқлаш, кабиналар, овоз бериш қутиси ва электрон ҳисоблагичлар билан тегишли тайёргарлик ишларини кўриши зарур.
Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказишда тавсиялар ва намунавий ҳужжатларнинг электрон тўплами лойиҳаси тайёрланади ва манфаатдор идоралар билан келишиб, кўмаклашувчи комиссиялар томонидан сайловни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳга етказилади. Туманда тузилган кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзоларини ўқитиш, улар билан семинар-тренинглар ўтказиш орқали сайлов тартиб-қоидаларини ўргатиш мақсадга мувофиқ.
Сайловнинг ўтиш вақти, жойи, тартибини аҳолига маълум қилиш ва маҳалла гузарларининг кўзга ташланадиган жойларига осиб қўйиш, туман веб-сайтига жойлаштириш зарур бўлади. Энг асосий масалалардан яна бири сайлов объектларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, сайлов кунлари сайлов объектларида тез тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозим.
Асосий масала сайлов якунлари бўйича янги сайланган маҳалла оқсоқолларини ўқитиш бўйича 88 соатли дастур ишлаб чиқилган. Республика кенгаши томонидан шу дастур асосида ўқитиш чоралари кўрилади.
Ғанишер ЖЎРАЕВ,
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.

