ОЛАМ ИФОРИНГДАН САРХУШДИР, КЎКЛАМ!

Табиатда қиш-қировли кунлар ўз ўрнини кўкламга бўшатиб бериш жараёни ҳам аслида кескин курашлар остида рўй беради. Аммо она замин буларни инсоният учун мутлақо сездирмайди. Янгиланиш, яшаришнинг ҳар бир кўринишини шу қадар осуда ва майин тарзда намоён этадики, қалбларга ўзгача сурур ва енгиллик бахш қилади. Шу боис Наврўзни кишилар ўзгача шукуҳ билан қарши олишларида катта маъно-мазмун мужассам. Бу ҳам инсоннинг она-табиатнинг ажралмас бир бўлаги, унинг қонуниятларига сўзсиз итоаткорлиги рамзидир.

Туманимизда Наврўз шодиёналари  кўтаринкиликда нишонланди. 19 март куни эрта тонгдан байрамона безанган Уйчи шаҳарчаси ҳамюртларимиз билан гавжум бўлди. Қалблардаги шодлик, юзлардаги табассумни кишилар бир-бирларига улашаётгандай байрамона кайфият ҳар бир гўшада ҳукм сурди.

Шу куни байрам ярмаркасида қатнашган ташкилот, корхона, муассасаларнинг ҳар бирида ўзига хослик, янгича ёндашувни илғаш қийин бўлмади. Қолаверса, миллий удумларимиз, анъаналаримиздан ҳикоя қилувчи либослар, осори атиқалар, халқ оғзаки ижодидан намуналар, куй-қўшиқлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади: гиря тошини коптокдек ҳаракатлантираётган 23-мактабнинг ёш полвонлари узоқ беллашдилар. Вилоят ва республика танловларида ғолиб бўлган Орифжон Аҳмадалиев шогирдлари ясаган ёғоч буюмлар (1-мактаб), Акрамжон Бозоров шогирдлари фантазиясидан яралган робототехника  намуналари (6-мактаб) кишилар эътиборини ўзига тортди.

Туман мактабгача таълим бўлимига қарашли муассасалар байрамга пухта тайёргарлик билан келгани алоҳида эътиборга лойиқ. Миллий таомлар, қадриятларимиз, ўйинлар ифода этилди. Сайил қатнашчиларига сумалак, баҳор таомлари тарқатилди. Жажжи болажонларнинг бадиий чиқишлари барчага манзур бўлди. Айниқса, Шоира Эгамбердиева мудиралик қилаётган 8-МТМ жамоасининг иштироки, муассаса бадиий гимнастикачи қизлари, таэквондочи тарбияланувчиларнинг қисқа фурсатда вилоят миқёсида совринли ўринларни қўлга киритишгани барчани қувонтирди. Туман тиббиёт бирлашмасига ажратилган ҳудудда ҳам байрамона шукуҳ ҳукм сурди. «Тез ёрдам», шошилинч тиббий ёрдам, реанимация бўлимлари, оила поликлиникалари, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари муносиб иштирок этдилар. Бу ерда арқон тортиш баҳси, лапарлар авжга чиқди.

Гулчилик, қандолатчилик маҳсулотлари кўргазмасини айланганимизда, Умид МФЙда яшовчи Сайёра Абилова тайёрлаб келган пишириқлар эътиборимизни тортди.

-«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича салкам 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, электр печ харид қилдим, -дейди Сайёра. -Ҳозир хонадонимда 12 хил турда пишириқ тайёрлаб, туманимиз, вилоятимиздаги савдо шохобчаларига етказиб беряпман. 12 та ишчи ўрни яратиш ниятидаман. Менинг оғир ижти-моий аҳволдан чиқишимга ёрдам берган туман  ҳокимлигига, хотин-қизлар қўмитасига миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, 4, 10, 12, 29, 39-мактаблар, «Баркамол авлод» маркази фаоллиги алоҳида эътиборга лойиқ.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тантаналар аста-секин туман «Пахтакор» марказий стадионига кўчди. Бир тарафда 1-БЎСМ қошидаги Бахтиёр Турғунпўлатов ва Элмурод Аҳмаджоновнинг шогирдлари гиламда белбоғли ва эркин кураш бўйича беллашув уюштиришди. Бир томонда норинлик Сотиволди полвон бошчилигидаги дорбозлар гуруҳи миллий цирк ўйинларидан намуналар ҳавола этди. Соат миллари 11.00 га яқинлашганда, стадионга тўпланган минглаб ҳамюртларимизнинг эътибори марказда жой-лашган сервиқор саҳнага қаратилди. Табрик учун сўз олган туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов барча юртдошларимизни Наврўзи олам билан қизғин муборакбод этди. Туман маданият бўлими санъаткорлари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари иштирокидаги байрам дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Таниқли  хонандалар Отабек Муҳаммадзоҳид, Комилжон Неъматов, Умиджон Қорабоевларни халқ зўр олқишлар билан кутиб олди. Муқимий номидаги  Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёрлари Отабек Ҳақбердиев, Бозорбой Холмўминов, Маъруфжон Ҳожиматовлар  самимий тилаклар билдиришди.

Ўзбекистон «Ветеран» жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси вилоят бўлими раиси  Ҳусниддин Жамолов эзгу тилаклар билдириб, туманимиз ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовга «Ветеран» бирлашмаси олдидаги хизматлари учун» медалини топширди.

Наврўз сайли кечга қадар давом этди. Туман марказида гўшт, тухум маҳсулотлари ярмаркаси ташкил  этилди ва арзон нархларда сотилди. Байрам тадбирлари  маҳаллалар, гузарларда давом этмоқда.

Абдулҳаким НИШОНОВ,

Муҳаммадали ҚАМБАРОВ.