ТАРАҚҚИЁТ ТАЯНЧИ

Президентимизнинг ўтган йили 7 июндаги «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури яратувчан халқимиз учун фаровонлик сари яна бир истиқболли йўл очиб берди. Дастур ижроси йўлида мамлакатда бошланиб кетган улкан ҳаракатга туманимиз аҳли ҳам бажонидил қўшилдики, ўтган қисқа вақт ичида муайян ишлар амалга оширилди. Далил ва рақамларга мурожаат қиламиз: март ойининг 1-ярмига қадар туманда 12 та йўналишда оилавий  тадбиркорлик ҳаракати бошланган. Булар чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик, боғдорчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик,  маиший хизмат ва бошқалар.

Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида кредит талабида бўлган хонадонлар сони 2700 тага бориб қолди. Бироқ туманда салкам 36 минг хонадон борлигини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич 7,5 фоизни ташкил этмоқда. Демак, ҳали  фуқароларимизда имкониятлар мавжуд. Албатта, ички имкониятлари ҳисобидан иш олиб бораётган хонадонлар, муқаддам тадбиркорликни йўлга қўйган оилалар ҳам бор.

Микрокредитлар асосан, «Агробанк», «Миллий банк» ва «Халқ банки» туман бўлимларида Адлия вазирлигининг «Кредитлар ажратиш тўғрисида»ги Низомида белгиланган тартиб-қоидалар асосида берилади.

Кичик (оилавий) тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаро ариза, паспорт нусхаси, бизнес режа, таъминот турларидан бири (3-шахс кафиллиги, суғурта полиси, мол-мулк, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги) каби ҳужжатларни тайёрлаб, юқоридаги банклардан бирига мурожаат қилади.

Тижорат банклари кредит олувчига юқорида кўрсатилган таъминот турларини талаб қилмасдан энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваригача бўлган миқдорда бланкли (ишончли) микрокредит бериш ҳуқуқига эга.

Самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратиш имконига эга бўлган лойиҳаларга дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваридан ортиқ миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратиши мумкин.

Кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисобварағи очиш ва унинг тўлов топшириқномаларига мувофиқ, ушбу ҳисобварақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади (лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, қисман нақд пул шаклида ҳам берилади).

Яқинда «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси»да Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ «Ҳар бир – оила тадбиркор» дастури доирасида:

-назарда тутилган лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия институтлари кредит линиялари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

-имтиёзли кредитлар аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

«Ҳар бир – оила тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» ва бошқа шу каби мақсадли дастурлар асосида аҳолига имтиёзли кредитлар эндиликда Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари хулосаси асосида ажратилади.

Белгиланишча, бунда дастлаб шартнома асосида лойиҳа эгаси (кредит олувчи)га маҳсулотлар (масалан, қорамол) етказиб берилади, лойиҳа эгаси (кредит олувчи) етказиб берилган маҳсулотдан қаноатланиш ҳосил қилгандан сўнг тегишли маблағлар банк томонидан маҳсулот етказиб берувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Ўринбой МЎМИНОВ.