ТАРБИЯ КЕЛАЖАККА ДАХЛДОР БЎЛСИН
Инсоният тараққиётининг ҳозирги босқичи таълим ва тарбия тизимлари олдига бугунги кунда янги, замонавий талабларни қўймоқда. Буюк аждодлар руҳига ҳурмат, ўз қадрига етиш, миллий ғурурни англаш ўқувчиларимизда Ватанга виждонан хизмат қилиш ҳис-туйғуларини шакллантиради. Бугунги кунда рўй бераётган ҳар хил ички ва ташқи таҳдидларни бартараф этишда, ёшларни ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликдан сақлашда миллий тарбиянинг ўрни беқиёсдир.
Аждодларимиз фарзанд тарбиясининг негизи сифатида ахлоқий учлик: ният, сўз, амал бирлигини яратишган. Мазкур учлик негизини «виждон» сўзи билан ҳам ифолалаш мумкин. Тарбияда «ҳалол ва ҳаром» деган тушунчаларни «савоб бўлади», «уят бўлади» деган иборалар орқали ота ва оналар болаларига тушунтирадилар.
Бугун миллий тарбиянинг ушбу воситасини тиклашга янада кенгроқ аҳамият қаратиш фойдадан холи бўлмайди. Ўзбекона тарбиянинг турли қирралари улкан маърифатпарварларимиз М.Беҳбудий, А.Қодирий, Фитрат, Чўлпон ва бошқаларнинг маърифий асарларида муваффақиятли акс эттирилган. А.Авлоний тарбиянинг вазифалари сирасига вужудни қувватлантириш, фикрни нурлантириш, ахлоқни гўзаллаштириш, зеҳнни равнақлантиришни киритади.
Адиб ўзининг асарларида миллий тарбиянинг қирраларини тушунтириб, у ёшларда билим, фазилатларга ички чанқоқлик, эҳтиёжни шакллантириши керак, ана шунда қишда совқотган одам иссиқ кийимни қанчалик хоҳласа, ўсмир ўзи, миллати, Ватани, ота-онаси учун фойдали нарсаларни шунчалик сидқидилдан қидиришини таъкидлайди. Зеро, тарбияга энг аввал оилада эътибор қилмоғимиз шарт.
Манзурахон ТУРДИҚУЛОВА,
25-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

