СОҒЛОМ АЁЛ – СОҒЛОМ ЖАМИЯТ

Ўзбекистон «JEET KUNE DO» федерациясининг Наманган вилоят бўлими соғлом турмуш тарзини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, унинг натижаларини ОАВларда кенг ёритишни қўллаб-қувватлаш мавзусида эълон қилинган танловда муносиб иштирок этди. Бўлимнинг аҳолининг кенг қатламларини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадидаги «Соғлом аёл – соғлом жамият» лойиҳасига 28 миллион сўм давлат гранти маблағи ажратилди. Йил давомида бўлим томонидан Уйчи ва Чортоқ туманларида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Дастлаб, қуйида Житкундо ҳақида маълумот берамиз.

ЖИТКУНДО

Келиб чиқиши хитойлик бўлиб, Америкада яшаган Брюс Ли (1940-1973) ўзини-ўзи ҳимоя қилиш мактаби асосчиси саналади. Унинг  вориси 1937 йил Филиппинда туғилган америкалик Дэн Иносантодир. Калифорниядаги Марина дель Рей шаҳарчасини Д.Иносанто ЖКД (житкундо) – «Жанг санъати академияси»ни амалий ривожланиш марказига айлантирди. Житкундо – инглизча «JEET KUNE DO» сўзидан олинган бўлиб, «муштни  доғда қолдирувчи йўл» демакдир.

ЖКД, бу аниқ усуллар йиғиндиси эмас, балки методдир. Брюс Лининг изидан бориш келиб чиқиш нуқтасини аниқлаб бўлмайдиган қандайдир йўналишда ҳаракатланиш демакдир. Бу ҳаракат аста-секин изланиш ва ривожланиш жараёнида  шаклланиб боради. Чунки одамзот бир-бирига ўхшамаганидек, ҳар бир  ишда ҳам турли йўллардан боради.

Брюс Ли қуйидаги фикрни кўп таъкидлар эди: «Усулни усул сифатида ишлатиб бўлмайди». Бунинг маъноси шуки, энг самарали техникадан ҳам ҳар жойда мунтазам фойдаланиб бўлмайди. Кимдадир самарали чиққан усулни шахсан ўзлаштирмай туриб, кўр-кўрона қўллаш мумкин эмас. Маҳорат, бу масала ечимига умумий ёндашув, ечимга қандайдир ўзгармас алгоритм эмас. Бу аниқ билим эмас, балки билимни ўзлаштириш методидир. Бошқа бир тамойил эса шундай: «Сарҳаддан сарҳад сифатида фойдаланмаслик». Бу сўзлар оддийликка чорлов, ортиқча бефойда  ва самарасиз нарсалардан воз кечишни ифодалайди. Брюснинг фикрича, «Чинакам моҳирликда ҳайратомуз ҳеч нарса йўқ, унда кичик воситалар орқали улкан натижаларга эришиш қобилияти мавжуд, холос. Нимаики бекаму кўст бўлмаса, унда машаққат ва жилвадорлик бўлади». Ҳар қандай услубнинг таҳлили учун оддийлик ва самарадорлик ўрганиш ва қўллаш учун асосий мезондир.

Брюс Ли якка курашда оёқлар ҳаракати боксчилар қўллайдиган ҳаракатга ўхшаш бўлмоғи лозим, деб ҳисоблайди. Фақат боксчининг рақсий ҳаракатларига тақлидан эмас, балки ўзига хос ақлий тарзда бўлиши даркор. Сиз гавдангиз оғирлигини бир оёқдан иккинчисига сонияларда шундай ўтказиб турингки, буни рақибингиз мутлақо сезмасин. Бу сезиларсиз ҳаракат сизга бир зумда олдинга ташланиш, ёнга ўтиш ёки ортга чекиниш имконини беради. Аслида сиз хотиржам ва бўшашган ҳолда тургандек туюласиз. Бу ҳолат қўлларга ҳам тааллуқли. Улар эгилувчан, юмшоқ бўлиб кўринса-да, бирдан худди чақмоқ каби икки пўлат тўқмоқдек урилади ва яна олдинги ҳолатига  қайтади.

ЖКДнинг бошқа амалиётчилардан фарқловчи ўзига хос расмий белгилари ҳам мавжуд. Демак, анъанавий додзёга нисбатан залдаги вазият анчайин эркин бўлади. Масалан, ўзаро сўзлашув, ўргатувчи мураббийга хоҳлаган  вақтда савол билан мурожаат қилиш мумкин. Япон каратэсидаги каби маросимлардаги ўзига хосликлар бўлмайди, махсус либослар, рангли белбоғлар ишлатилмайди. Ўрганувчи шогирдлар ўзларига қулай бўлган калта енгли майка, енгил матодан тикилган кенг чолвор, кун-фу туфлиси ёки кроссовка кийишлари мумкин.

ЖКД «киба-дачи» ёки «дзэнкуцу-дачи» типидаги каратэнинг паст, таранг туриш ҳолатини, шунингдек, ушунинг аждар, илон ва турна ҳолатларини инкор этади. Бунда кишининг табиий ҳолатда, яъни боксчиникига ўхшаш муштлашувга тайёр ҳолатда туриш асосий ҳолат саналади. У ўзининг ҳаракатчанлиги ва ҳам ҳимояга, ҳам ҳужумга қулай бўлиши билан афзалдир.

Шунингдек, мустаҳкам классик тўсиқлар қўйиш ўрнига қўл, оёқ зарбаларини тўхтатувчи зарбалар бериш ёки ҳужум йўналишини ўзгартирувчи, гоҳо эса ушлашга ўтувчи юмшоқ ҳаракатларга аҳамият  берилади. Қулочкашлаб уриш ёки оёқ билан тепиш тан олинмайди. Қўл ва оёқ мўлжални қисқа йўл орқали, кўп ҳолларда тўғри чизиқ йўналишида забт этиши лозим, деб саналади. Қўл ва оёқ зарбаларида гавда ва белни айлантириш ҳисобига танадаги қувватни бир жойга тўплаш шарт эмас. Брюснинг таъкидлашига кўра, мушт билан бериладиган зарба мўлжал ва мушт оралиғи 10 см. бўлса ҳам, рақибни ағдариши керак. Вертикал мушт горизонтал муштдан анчайин яхшироқ. Ушлаш, бўғинларни оғритиш усуллари, бўғиш ва улоқтиришдан зарба муҳимроқ ҳисобланади, аммо юқоридаги техникалар ҳам зарур пайтда қўлланилади. Брюс расмий машқлар амалиётига салбий муносабатда бўлган. У доимо ўзингни шаҳар тўқайзорларидаги ҳақиқий олишувга тайёрласанг, албатта, спарринг, спарринг ва яна спарринг зарур, деб таъкидларди, «соя билан жанг»ни тан олмаган. Аммо оғир қоплар, боксёрлик  кафтлари, осма макиварлар, анъанавий ва замонавий манекенлар билан машғулотлар ўтказишга алоҳида аҳамият берарди. Ҳар қандай вазият  ва даражада (юқори, ўрта, қуйи) қўл ва оёқ билан «портловчи» зарбалар бериш, шунингдек, «ёпишқоқ қўл» техникаларини қунт билан ўзлаштириш лозим, деб ҳисобларди.

ЖКД ҳар кунлик машғулотларни талаб қилади. Мақбул вариант эса қуйидагича: ҳафтада 3 кун гуруҳ таркибида шуғулланиш, яна 3 кун – снарядлар билан якка ҳолда машғулот. Бундан ташқари, ҳар куни эрталабки қўшимча амалиёт саналган умумжисмоний тайёргарлик – югуриш, тортилиш, куч машқлари ва бошқалар ҳам ғоят зарур. Гуруҳ таркибидаги машғулотларда асосан спарринг, «ёпишқоқ қўл» техникаси, ушлаб улоқтиришни ўзлаштириш ёки оғритувчи усуллар, боксёрлик кафтлари билан шуғулланиш машқларидан фойдаланилади.

Жаҳонгир РАҲИМОВ,

Ўзбекистон «JEET KUNE DO»федерациясининг Наманган вилоят бўлими раиси, лойиҳа раҳбари.