«СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ»
«Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ойлиги» давомида туманимиз мактабгача таълим муассасаларида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 34-МТМ(мудира Мадина Юсупова)да «Соғлом овқатланишни ташкил этиш» мавзуида туман семинари бўлиб ўтди. Унга барча МТМларнинг мудиралари ва ҳамширалари таклиф этилди. Меҳмонлар аввал муассаса тарбияланувчилари томонидан тайёрланган мусиқий дастурни томоша қилишди. Сўнгра гуруҳларда ташкил этилган «Саломатлик куни»да бажарилган ишлар, соғлом овқатланишга оид кунлик таомномани кўздан кечирдилар.
Семинарда сўзга чиққан туман ДСЭНМ бош врачи Абдумутал Нишонов, шу марказнинг болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими врачи Каримахон Мадаминова, туман МТБнинг соғлом овқатлантиришни ташкил этиш гуруҳи раҳбари Равшанбек Жўраевлар мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларни овқатлантиришни тўғри ташкил этишда санитария-гигиена талаблари ва қоидаларининг бажарилишини таъминлаш, овқатлантиришда фойдаланиладиган асосий маҳсулотларнинг сифатлилик белгилари, болажонларни соматик ва юқумли касалликлардан асраш хусусида гапирдилар. Боланинг соғлом вояга етиши учун тўғри овқатланиши зарурлиги, айниқса, боғча тарбияланувчисига витаминлар ва минералларга бой озиқ-овқатлар бериш, овқатланиш вақти, таомлар кетма-кетлигига эътибор қаратилиши таъкидланди.
-Мактабгача таълим муассасасида тайёр таомларни тарқатишда тиббий ходим (врач ёки ҳамшира) томонидан белгиланган тартибда таомлар сифати ва унинг тўғри тайёрланиши ўрганиб чиқилиб, кунлик синама олиниши, таомнома сифати талаб даражасидалиги бўйича ёзув бракераж дафтарига қайд қилинганидан кейингина унинг тарқатилишига рухсат этилиши лозим, -дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Маҳбубахон Абдуллаева биз билан суҳбатда. -Биз тиббиёт ходимига ўн кунда бир маротаба бир бола учун сарфланган озиқ-овқат маҳсулотини санитария қоида ва меъёрлари(СанПиН)да белгиланган кунлик меъёрларга солиштириб, бажарилиши бўйича таҳлилий назорат қилиб бориши лозимлигини ҳамиша уқтирамиз. Ҳозирда туманимизда 43 та, шулардан 10 та оилавий, 1 та хусусий мактабгача таълим муасса-саси бор. Жорий йилда яна 15 та муассаса очиш режалаштирилган. Мақсадимиз – келажак авлодларимиз шинам, ёруғ, барча қулайликларга эга МТМда тарбиялансалар. Албатта, бу борада болажонларнинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлишларини таъминлаш бош вазифамиздир.
Фотимахон ТОШМАТОВА.

