«AVTO IHLOS»НИНГ ИЛК ҚАЛДИРҒОЧЛАРИ

Аввал хабар қилганимиздек, Бояғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Аvto ihlos» МЧЖ томонидан хусусий инновацион автомактаб ташкил этилган эди. Яқинда мазкур мактабни дастлабки қалдирғочлар тамомлашди.

-«Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури ижроси доирасида мазкур автомактабга 200 миллион сўм имтиёзли кредит ажратган эдик, -дейди «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасининг туман филиали раҳбари Собиржон Умаров. -Бу билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транс-порт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси таъминланди. Бу борада туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг амалий ёрдамлари алоҳида эътиборга лойиқ.

Мазкур автомактабдаги учта ўқув ва битта синов ўтказиш хонаси пупитер парта, интерактив доска, ўқув тренажёри, замонавий кўргазмали қуроллар, компьютерлар билан таъминланган. Ҳар бир хонага аудио ва видео ёзув мосламалари ўрнатилган. Бу ерда асосан «В» тоифадаги ҳайдовчилар тайёрланади. Амалиёт учун «Нексия», «Спарк», «Матиз» русумли автомобиллар ҳам мавжуд. Бугунги кунда автомактабда бешта гуруҳда 125 нафар номзод назарий ва амалий машғулотларни бажаряпти. Шулардан 50 нафарига ҳайдовчилик гувоҳномаси тантанали тарзда топширилди. Тадбирда вилоят ИИБ ЙҲХБ 2-ТРИБ бошлиғи, катта лейтенант Ф.Хоназаров иштирок этди.