«ГУЛИСТОН»ЛИК ЖАЖЖИЛАР СЕВИНЧИ
Бола кулса, дунё кулади. Дарҳақиқат, беғубор қалб эгаларининг яйраб камолга етишлари учун юртимизда барча имкониятлар яратилган.
Гулистондаги 28-мактабгача таълим муассасаси кичкинтойлари учун кўркам, барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган янги бино совға қилинди.
4 млрд. 786 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган 230 ўринли ушбу муассаса биносини «Оташ» хусусий фирмаси қурувчилари қисқа фурсатларда қуриб, битказдилар.
-Муассасамиз тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишда қад ростлаган юз ўринли қўшимча янги бино болажонларимиз учун муносиб совға бўлди. Барча жиҳозларга эга хоналарда турли машғулотларни бажараётган тарбияланувчиларнинг қувончи чексиз, -дейди МТМ мудираси Рислиғой Холбоева.
Шунингдек, тарбияланувчилар учун ошхона, болалар спорт майдончаси, кутубхона, ёзги айвончалар, мусиқа зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳар бир хона энг замонавий, янги, юмшоқ мебель, ўйинчоқ ва бошқа жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.
-Олдинлари кўримсизгина, қоронғу хоналарда фарзандларимиз тарбияланарди, -дейди шу ҳудудда яшовчи Ойдина Мадраҳимова. -Бугун бу ерга келиб, ҳайратда қолдим. Нимаики шароит керак бўлса, ҳаммаси бор. Болаларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдирамиз.
Муассаса янги биносининг топширилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда қатнашган туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова, туман прокурорининг ўринбосари Жаҳонгир Нуритдинов, туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаевалар эзгу тилаклар билдиришди.
Аброр САБАРАЛИЕВ.

